Ўзмиллийбанк бошқаруви раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хитой давлат тараққиёт банкининг (ХДТБ) ижрочи вице-президенти билан Пекин шаҳрида (ХХР) учрашув ўтказди.

Икки томонлама учрашув давомида томонлар жорий йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини таҳлил қилдилар. Ҳозирги вақтда ХДТБ билан биргаликда транспорт, энергетика, саноат ва кичик ва ўрта бизнеснинг бошқа соҳаларида 650 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди.

Хитой банки томонидан Самарқандда Ўзмиллийбанк раислигида ўтказилган ШҲТ Банклараро Бирлашмаси Кенгаши йиғилишининг якунлари юқори баҳоланди, чунки ушбу тадбир натижасида ХДТБ билан миллий валюталарда ҳисоб-китоблар бўйича ишлашнинг янги формати йўлга қўйилди.

Кун тартибидаги асосий масала 1,8 миллиард юан миқдорида йўловчи автобусларини сотиб олиш лойиҳасини биргаликда молиялаштириш масаласини муҳокама қилишга бағишланди. Ушбу лойиҳада Хитойнинг йирик корхоналари «King Long», «YUTONG», «FOTON» ва бошқалар автобус ва электробусларни ишлаб чиқарувчилари иштирок этади.

Учрашув якунида ХДТБ томонидан ушбу лойиҳани молиялаштириш учун Ўзмиллийбанкка ШҲТ Банклараро Бирлашмаси аъзо банклар учун ХДТБ махсус кредити доирасида янги кредит линиясини тақдим этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини ислоҳ қилиш дастурида назарда тутилган транспорт инфратузилмаси бозорини ривожлантириш бўйича 2023 йил 16 декабрдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-59-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг муваффақиятли якунланиши Тошкент шаҳри ва Ўзбекистон Республикаси вилоятларида аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналиш тармоғини кенгайтириш, шунингдек, ҳаракатланувчи таркиб паркини замонавий экологик тоза автобуслар билан янгилашни таъминлайди.


“Ўзмиллийбанк” АЖ

Матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида