22 февралдан бошлаб Буюк Британиянинг йирик савдо тармоқларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чекланган миқдорда сотила бошланди. Испания ва Шимолий Африкадан мева-сабзавот етказиб бериш кескин камайгани етишмовчиликни юзага келтирган.
Хусусан, “Morrisons” дўконларида икки донадан помидор, бодринг, броколли ва гармдори бериляпти, “Asda”, “Tesco” ва “Aldi” савдо тармоқларида эса айни маҳсулотларни кўпи билан уч донадан сотиб олиш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш билан боғлиқ узилиш бир неча ҳафта давом этиши тахмин қилинмоқда.
Қиш ва баҳор фаслида Англия савдо тармоқлари бевосита импортга боғланиб қолади. Мамлакатда талабнинг бор-йўғи 10 фоизи даражасида сабзавот етиштирилади. Аҳоли эҳтиёжини қондириш учун зарур сабзавот миқдори четдан кириб келади. Афсуски, ҳозирги кунда Испания ва Шимолий Африкада сув кўчкилари кузатилиб, ҳарорат пасайиб кетиши туфайли ҳосилдорлик камайди.
Шу билан бирга Британиялик фермерлар энергия нархи ошиши ҳам етарли ҳосил ундиришга тўсиқ бўлаётганидан шикоят қилишяпти.
Г.Абдуллаева,
ЎзА