Беларусь Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Наталя Филиппова бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ташриф буюрди.
Учрашувда адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, норма ижодкорлиги соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Адлия вазирлигининг норма ижодкорлиги жараёнидаги ўрни ва фаолияти, шу жумладан, бугунги кундаги қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни ҳуқуқий экспертизадан ва коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда норма ижодкорлиги соҳасига жорий этилган «ақлли тартибга солиш» моделига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Беларусь Адлия вазирликлари ўртасида норма ижодкорлиги соҳасида келгусида ўзаро кенг кўламли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Беларусь Республикаси делегацияси ташриф давомида давлат хизматларини кўрсатиш марказларининг самарали фаолияти, адлия органлари тизимида рақамлаштириш ва ҳуқуқий ахборотни тарқатиш борасида амалга оширилган ишлар билан ҳам танишиб, тажриба алмашиши кўзда тутилган.
ЎзА