Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Финляндия ҳамкорликни ривожлантириш ва ташқи савдо вазири Вилле Скиннари раислигида Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда сармоявий, саноат, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.

Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида устувор тармоқларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини, илғор Финляндия тажрибаси ва технологик ишланмаларни жалб этиш муҳимлиги, шунингдек, икки давлат ҳамкорлик соҳаларида ишларни тизимли равишда кенгайтиришни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади.

Томонлар «Finnvera» «Public Sector Investment Facility» экспорт-кредит агентлиги (30 миллион долларгача узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратади, шундан 30 фоизи грантлар сифатида) ва Финляндиянинг «Finfund» саноат кооперацияси жамғармасининг (хусусий компанияларга лойиҳавий ва инвестициявий молиялаштиришни тақдим этади) молиялаштириш воситалари орқали институционал ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Йиғилиш доирасида делегациялар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Финляндия тадбиркорлари ўртасида икки мамлакатнинг рақобатдош устунликларидан келиб чиққан ҳолда сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича келгусидаги қўшма ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу нуқтаи назардан, тоғ-кон саноати, муқобил энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, таълим ва рақамли трансформация энг истиқболли йўналишлар сифатида тилга олинди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган йўналишлар доирасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга ўзаро содиқлигини билдириб, Финляндиянинг инновацион ноу-хау ва илмий ишланмаларининг Ўзбекистон инфратузилмаси ва инсон салоҳияти билан уйғунлиги икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиши хусусида гапирди.

 

Б.Худойбердиев,  

Н.Ҳайдаров (сурат),

ЎзА