Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муваффақияти, судларнинг “адолат қўрғони”га айланиши, суд жараёнида томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда тортишув принципини мукаммал таъминлаганлигига боғлиқ. Бунда адвокатнинг ҳуқуқ ва ваколатларини қонун билан мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар қайта кўриб чиқилиши, қўшимча ваколатлар берилиши ҳақида алоҳида таъкидланган эди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази, Олий суд, Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Адвокатура фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган долзарб масалалар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.
Унда Олий суд судьялари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, Адвокатлар палатаси аъзолари, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида одил судловни таъминлаш борасида билдирилган ташаббуслар ҳамда 2023 йилги Давлат дастурининг мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналиши доирасида назарда тутилаётган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.
Сўз олган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаров муҳокама қилинаётган масалалар юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятли эканлигини таъкидлади.
Тараққиёт стратегиясининг 19-мақсадида ҳам адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш назарда тутилган.
Жумладан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида ҳам суд-тергов жараёнида иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан фойдаланган ҳолда самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш процессуал ҳаракатларини амалга ошириш учун санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш, адвокатура институти жозибадорлигини ошириш орқали соҳага ёш кадрларни жалб этишнинг самарали тизимини яратиш каби суд ва тергов жараёнларида тўлақонли инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Давра суҳбатида шу каби вазифаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган идоралар вакилларининг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
Адвокатлар палатаси аъзоларининг фикрига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 4577 та адвокат фаолият кўрсатиб келмоқда. 30 ёшгача бўлган адвокатлар эса бор-йўғи 45 нафарни ташкил этади. Шу боис, соҳага ёш кадрлар кириб келишини рағбатлантириш, уларга қўйиладиган талабларни енгиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга, адвокатура соҳасига оид 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлиги, қонунчиликда ҳаволаки нормаларнинг кўплиги ҳам соҳа ривожига тўсиқ бўлаётганлиги таъкидланди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, фармон лойиҳасининг тегишли бандларида акс эттириш учун кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Б.МЕЛИҚУЛОВА,
ЎзА