Ўзбекистон Президенти хорижий делегациялар раҳбарларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси доирасида Еврокомиссия вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғлу, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Хаважа Муҳаммад Асиф билан учрашувлар ўтказди.

Давлатимиз раҳбари Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могеринини қабул қилар экан, турли даражадаги алоқалар фаоллашганини чуқур мамнуният билан қайд этди, бу эса Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ўзаро интилишлардан далолатдир.

Суҳбатда Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишда зарур кўмак кўрсатиш ва минтақани барқарор ривожлантириш, шунингдек, савдо, инвестициялар, инновациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича ўзаро алоқалар истиқболлари кўриб чиқилди. Келаси йилда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги Стратегиясини қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

392828b4-e40f-b4e6-d866-8fe031e1d3aa.jpg

Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг юқори ўсиш суръатлари ва изчил мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлади.

dffcdc3f-1513-9443-136c-49f8173fbba2.jpg

Сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик аниқ амалий мазмун билан бойигани қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, муҳим сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда, бизнес ва минтақалар даражасидаги кооперация алоқалари кучаймоқда. Таълим, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алмашинувга оид янги дастурлар амалга оширилмоқда.

Россия Федерацияси Президентининг жорий йил кузда Ўзбекистон Республикасига бўладиган давлат ташрифига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

312f84df-7b32-0f46-325b-e60821b8300e.jpg

Давлатимиз раҳбари Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғлуни самимий қутлар экан, дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йил октябрь ойида Туркияга олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишув ва битимларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.

Навбатдаги олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўриш, аввало, музокаралар кун тартибини савдо, сармоя, юксак технологиялар, транспорт ва туризм, маданият соҳалари ва бошқа йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка оид аниқ лойиҳа ва дастурлар билан бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

ac2a895b-e082-edae-3401-c111de3d9b69.jpg

Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Хаважа Муҳаммад Асиф билан учрашувда икки томонлама муносабатларга амалий руҳ бахш этиш зарурлиги ҳақида сўз юритилди.

Давлатимиз раҳбари ўзаро савдо, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, енгил саноат ва бошқа тармоқлардаги кооперация алоқалари, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, Ўзбекистонга зиёрат туризми учун ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини ошириш соҳаларида улкан салоҳият мавжудлигини алоҳида қайд этди.

Мулоқотларни янада фаоллаштириш, турли даражадаги ўзаро ташрифлар ҳамда қўшма тадбирлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашувлар чоғида хорижий делегациялар раҳбарлари Афғонистон бўйича юксак даражадаги Тошкент конференциясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, у ўз вақтида ташкил этилгани ва тадбир кун тартибига киритилган масалалар долзарб аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Форум натижалари ушбу мамлакатдаги вазиятни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш жараёнини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

Янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий янгиланишлар ва социал-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақада конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича фаол иштирокига юксак баҳо берилди.

Юқори мартабали меҳмонлар Президентимизга Европа Иттифоқи раҳбарияти, Россия, Туркия ва Покистон раҳбарларининг эзгу саломи ва самимий тилакларини етказиб, ўз мамлакатларининг Ўзбекистон Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорлигини янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

 

ЎзА