Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси якуни бўйича журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси якуни бўйича журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов ва Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири С.Раббоний нуфузли тадбир аҳамияти, мазмун-моҳияти, эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидландики, мазкур халқаро конференция дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

А.Комилов Тошкент конференциясида кўрилган масалалар, бугун қабул қилинган Тошкент декларациясида белгиланган вазифалар шу билан тўхтаб қолмаслигини таъкидлади. Тошкент декларацияси Афғонистон муаммосини ҳал этишнинг аниқ йўллари белгилаб берилгани билан аҳамиятли бўлгани эътироф этилди.

С.Раббоний Афғонистондаги таҳликали вазият минтақа мамлакатлари тараққиётига ҳам тўсқинлик қилаётгани ҳақида айтди. Тарихий кутилган, муҳим аҳамиятли ташаббусни илгари суриб, Афғонистон бўйича Тошкент конференициясини ўтказишга бош бўлган Президент Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон ҳукуматига, ўзбек халқига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Тошкент халқаро конференциясида 25 давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференция ишини 300 га яқин чет эллик ва маҳаллий журналистлар ёритиб борди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА