Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мобил банк иловалари ёки тўлов тизимлари орқали картадан-картага пул ўтказиш амалиётида электрон ҳисобварақ-фактура тузишни мажбурий бўлиши ҳақидаги янгиликни эълон қилган эди.

Бу тартиб пул ўтказиш учун комиссия “0” сўм бўлган тақдирда ҳам мажбурий қўлланади. Бу шуни англатадики, электрон тўлов тизимлари орқали пул ўтказмалари амалга оширилганда, ҳар бир операция учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш керак. Бу тартиб P2P (“person to person” – шахсдан шахсга) амалиётлари учун қўлланади. Яъни сиз Click, Payme, Apelsin каби тўлов тизимлари ёки мобил банк хизматлари орқали бошқа одамга пул ўтказиб берганингизда шундай ҳисобварақ-фактура шакллантирилади.

Янгиликка кўра, энди сиз бошқа картага пул ўтказишингиз учун ҳисобварақ-фактура тузишингиз керак. Содда қилиб айтганда пулни нима мақсадда ўтказаётганингиз ҳақида маълумот беришингиз лозим. Бу ҳисобварақ-фактурани электрон ҳужжат алмашиш операторлари тузиб беради. Бу албатта текинга эмас. Ҳар бир электрон ҳисобварақ-фактурани шакллантириш камида 270 сўмга тушади. Бу эса картадан картага пул ўтказишда йўқ жойдан ортиқча харажат дегани.

Ҳисобварақ-фактураларни тадбиркорлик субъектлари, яъни электрон ҳужжат алмашиш операторлари тузиб беради. Ўзбекистонда ҳозирда бундай операторлар сони 24 та. Улардан энг машҳурлари – Didox, E-faktura ва Давлат солиқ қўмитасининг “Soliq servis” платформаларидир.

Бу эса, банк, молия ва солиқ тизимидаги мутахассисларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Чунки бу тизим амалиётга жорий этилса, картадан картага пул ўтказишда ортиқча харажатлар юзага келади. Бу фоизларнинг кўпайишига олиб келмайдими?

Бунга Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова куйидагича изоҳ берди.

– Ҳозирги даврда нақд пулсиз ҳисоб-китоб иқтисодиётдаги бир қанча салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши керак, – дейди Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова. – Масалан, мамлакат ҳудудларида назорат-касса машиналари ва ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланмаслик, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидан нақд пул маблағлари тушиши даражасининг пастлиги натижасида даромадларнинг катта қисми банкдан ташқари муомалага чиқиб кетаётганлиги аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида носоғлом муҳитни вужудга келтиради.

Шунинг учун мамлакатимизда ҳам нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Солиқ қўмитаси томонидан жорий этилган харид учун кешбэк ва чек тақдим этилмаган ёки савдо қоидалари бузилганида мобиль илова орқали хабар бериш каби киритилган жамоатчилик назорати ўз натижаларини бериб яширин товар айланмаларини соядан чиқариш ва солиқ тушумларини оширишга ижобий таъсир кўрсатди.

Киритилаётган норма жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари билан боғлиқ бўлиб, қонунчилик нормалари доирасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларга тааллуқли бўлмайди.

Электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш хизмати қиймати Солиқ қўмитаси бўлинмасининг ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура операторлари ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг кўрсатаётган хизмати қийматидан ташкил топади.

Кўрсатиладиган хизматлар қийматини кескин пасайтириш ва электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатиш тартибини соддалаштириш чоралари кўрилмоқда. Бунда, электрон ҳисобварақ-фактуралар операторлари кўрсатиладиган хизматлар нархини мустақил равишда белгиласаларда, Солиқ қўмитаси бўлинмаси томонидан кўрсатиладиган хизмат қийматининг пасайтирилиши операторларга хизмат қийматини ҳам пасайтиришга имкон беради.

Солиқ қўмитаси томонидан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар учун электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатишда ушбу операциялар бўйича кўрсатиладиган хизмат нархини бир сўмда белгилаш бўйича комплекс хизматларни тақдим қилишга қаратилган тадбирлар устида иш олиб борилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА