Молдова мудофаа соҳасига қўшимча инвестиция киритмоқчи. Шунингдек, мамлакат ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига эга бўлиш учун ҳамкорлар ёрдамидан умид қилади. Душанба куни республика парламенти вице-спикери Михай Попшой шу ҳақда баёнот берди.
– Агар ҳаво ҳудудимизга бузиб кирилса, умуман қаршилик кўрсата олмаймиз, – деди Попшой “Digi24” телеканали эфирида чиқиш қилиб. – Бу ўз фуқароларини ҳимоя қила олмайдиган суверен давлат учун, юмшоқроқ қилиб айтганда, шармандаликдир. Таассуфки, ҳақиқий аҳвол шундай. Бинобарин, биз халқаро ҳамкорлар кўмагидан умидвормиз. Қолаверса, мудофаага бюджетимиз имконияти даражасида янги инвестиция жалб қиламиз.
Аввалроқ Молдова Президенти Майя Санду “Politico” нашрига мамлакат йирик ҳарбий альянсга қўшилиш учун бетарафликдан воз кечиши керак, деган эди.
Газетада таъкидланишича, Санду НАТОни айнан тилга олмаса-да, бир неча марта фуқаролар Шимолий Атлантика альянсига яқинлашишни маъқулласа, конституциядаги бетарафлик мақомига оид бўлимни ўзгартириш зарур бўлади, деган.
Молдова конституциясига кўра, республика бетараф мақомга эга, аммо 1994 йилдан буён НАТО билан алоҳида ҳамкорлик режаси доирасида шериклик қилиб келмоқда.