Тошкент шаҳар Яшнобод туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги (умумий ер майдони 2,9 гектар) ҳудудда 1200 ўринли бешта автотураргоҳ ҳамда пойтахтимизнинг Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши (умумий ер майдони 3,37 гектар) ҳудудида жами 2 минг 700 ўринли автотураргоҳ ташкил этилиши режалаштирилган.

Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлида ташкил этилган брифингда “Тошкент метрополитени”  ДУК ҳаракат хизмати раҳбари Султон Қодиров маълум қилди. Қайд этилишича, келгусида  умумий ҳисобда 1 минг 700 та янги ишчи ўринлари яратилади.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, бугунги кунда Тошкент метрополитени “Новза” метро бекатининг ҳудуди ҳисобланган пиёдалар ўтиш йўлагида синов ва эталон сифатида савдо шохобчаларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, метрополитен йўловчиларига сифатли хизмат кўрсатиш учун жорий йил давомида метро вагонлари паркини янгилаш мақсадида 10 та ҳаракат таркибларига қўшимча вагон қўшилади. 14 та тўрт вагонли замонавий турдаги янги ҳаракат таркиблари фойдаланишга топширилади. Натижада, метро поездларининг ҳаракатланиш жадвалида кўрсатилган интервалларини қисқартиришга эришилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА