21 февраль – Халқаро она тили куни
Инсон ўз она тилида хаёл суриб, шу тил асосида дунёни танийди. Гўдаклик чоғимизда қулоғимизга сингган алла ҳам айнан она тилида айтилади. Тиллар турфа, хилма-хиллиги билан инсон ижодининг ўзига хос ифода воситасидир. Алоқа, идрок этиш ва мулоҳаза юритиш воситаси сифатида тил ҳам дунёни кўз ўнгимизда тасвирлайди, ўтмиш, бугун ва келажак ўртасидаги боғлиқликни акс эттиради.
Шу билан бирга тиллар моддий ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш, ривожлантиришда энг кучли қурол.
БМТ маълумотига кўра, дунёда 7 мингга яқин тил мавжуд бўлиб, шуларнинг 2.5 мингдан кўпи йўқ бўлиб кетиш арафасида, яъни яқин келажакда сўнгги сўзлашувчисини йўқотиши мумкин. Ҳар икки ҳафтада муайян маданий ва интеллектуал меросни қамраб олган бир тил бутунлай йўқолади.
Она тилининг кенг тарқалишига қаратилган ҳар қандай қадам, нафақат тиллар хилма-хиллиги ёки кўп тилли таълимни ривожлантириш, дунё бўйлаб тил ва маданий анъаналар билан тўлиқ таништириш, балки ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва мулоқотга асосланган ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
1999 йил 17 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференциясининг 30-сессияси қарори билан тил ва маданий хилма-хиллик ҳамда кўп тиллиликни тарғиб қилиш мақсадида 21 феврални Халқаро она тили куни сифатида нишонлаш ташаббуси илгари сурилди. 2000 йилдан бошлаб ҳар йили ушбу сана нишонлаб келинади.
Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида 1952 йил 21 февралда талабалар бенгал тилини ҳимоя қилиб, она тили сифатида тан олинишини талаб қилиб намойишга чиққан. Мазкур воқеани хотирлаш учун шу кун танланган.
Шу ўринда айтиш керак, она тили ҳар бир инсонда туғилган пайтдан бошлаб из қолдириши билан ўзига хосдир. Инсон кейинчалик кўплаб тилларни ўзлаштирса-да, она тили ҳеч қачон ўзгармайдиган нарсалар ҳақида ўзига хос тасаввур беради. Чет тилини ўрганиш дунёга бошқача қараш, бошқа ёндашувлар билан танишиш усулидир.
Ҳар йили она тили кунини нишонлаш доирасида кўплаб мамлакатларда маълум бир мавзуга бағишланган, барча тилларни ҳурматлаш, тарғиб қилиш ва ҳимоялашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади. БМТ Бош Ассамблеяси ўз резолюциясида 2008 йилни Халқаро тиллар, 2010 йилни Маданиятларни яқинлаштириш халқаро йили, деб эълон қилди.
Россия дунёдаги энг кўп тилли давлатлардан бири. Ушбу давлатда 150 дан зиёд тил мавжуд, 37 таси давлат тили мақомига эга.
Тарихий хотиранинг муҳим ташувчиси ҳисобланган тилда, худди ойнадаги каби, сиз ўтмиш аксини, турли маданиятлар алоқаси ва ўзаро бойитиш изини топиш мумкин.
“SIL International” халқаро ташкилоти маълумотига кўра, дунёда 7 мингдан ортиқ тил мавжуд бўлиб, атиги 560 таси давлат ёки таълим соҳасида фаол фойдаланилмоқда. Шу билан бирга мавжуд бўлиши учун муайян тилда 100 мингдан кўпроқ киши гаплашиши керак. Ҳозир энг кенг тарқалган ва кўп ишлатиладиган тиллар инглиз, хитой, рус, француз, испан, ҳинд, португал ва араб тилларидир.
Жаҳон тиллари сони тобора ортмоқда. Француз тили умумий тил сифатида эътироф этилган XVIII асрдан сўнг аста-секин инглиз ва немис тиллари, XX асрдан кейин эса рус ва бошқа бир неча тил жаҳон миқёсида қўллана бошлади. Тилнинг мақоми БМТ, ЮНЕСКО сингари халқаро ташкилотлар, нуфузли конференцияларнинг расмий ёки ишчи тили сифатида тан олиниши туфайли юридик жиҳатдан мустаҳкамланиши билан белгиланади. Масалан, инглиз, араб, испан, хитой, рус, француз тиллари БМТнинг расмий ва ишчи тили ҳисобланади. Халқаро тилни кўп миллатли давлат ичида қўлланувчи, миллатлар аро алоқа воситаси ҳисобланувчи тиллардан фарқлаш керак. Баъзи тиллар ҳам халқаро, ҳам миллатлараро тил сифатида тан олиниши мумкин. Рус ва хитой тиллари шундай мақомга эга.
Хуллас, инсон қанча кўп тилни ўрганса, ўзлаштирса, шунча яхши. Бинобарин, ҳаммамиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод, аввало, ўз она тилини мукаммал билиши, ҳурмат қилиши лозим.
Гўзал Сатторова, ЎзА