Мамлакатимизда таълим сифатини ошириш борасидаги ислоҳотларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини янада такомиллаштириш масалалари доимий эътиборда бўлиб турибди.

Маълумки, 2022 йилнинг сентябрь ойида тўқимачилик саноати меҳнат бозорида талаб қилинадиган қуйидаги 6 та касб учун профессионал стандартларни ишлаб чиқиш бўйича лойиҳанинг дастлабки компоненти ишга туширилган эди. Булар тикувчи, ип йигирувчи, тикувчиликда андозалар тайёрловчи, электрон техникаларини созловчи, тўқимачилик корхоналари қурилмалари монтажчиси, тўқимачилик соҳасида техник-технолог касбларини ўзига қамрайди.

Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқаруви ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида лойиҳанинг иккинчи компоненти, яъни юқорида номи келтирилган 6 та касб бўйича касбий стандартлар асосида таълим дастурларини яратиш лойиҳаси ишга туширилишига бағишланган воркшоп ташкил этилди.

Ушбу тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳамкор ташкилот вакиллари ҳамда лойиҳа иштирокчилари билан Ўзбекистонда профессионал стандартларни таълим дастурларига татбиқ этиш йўллари ҳақида янада чуқурроқ тушунчага эга бўлишдан иборатдир.

Воркшоп давомида лойиҳанинг биринчи компоненти доирасида ишлаб чиқилган 6 касб бўйича профессионал стандартлар асосида таълим дастурлари ва ўқув режаларини ишлаб чиқиш, янгилаш бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Шунингдек, лойиҳа иккинчи компонентини амалга ошириш учун гуруҳ аъзолари билан биргаликда иш режаси тузилди.

Лойиҳа ривожи учун тегишли касбларнинг танлангани ҳам бежиз эмас. Зеро, айнан ушбу касбларга бугунги кунда меҳнат бозорида ва ишлаб чиқариш жараёнида талаб ва эҳтиёж катта бўлмоқда. Янги ўқув режаларининг ишлаб чиқилиши эса муайян соҳа бўйича кўникма, малака ва билимларни эгаллашга имкон бериши билан аҳамиятлидир.

Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» ва «Ўзчармсаноат» уюшмалари, Савдо-саноат палатаси, Меҳнат бозорини ўрганиш институти, Педагогик инновациялар институти, Тўқимачилик корхоналарининг касбий малака бўйича тармоқ кенгашлари, экспертлар ва бошқа маҳаллий муассасалар вакиллари иштирок этди.

Айтиш керакки, лойиҳанинг ушбу компонентлари касб-ҳунар таълими ва таълим тизимини модернизация қилиш орқали тўқимачилик саноатини Ўзбекистон иқтисодиётининг энг етакчи  ва ривожланган тармоқларидан бирига айлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган.  Лойиҳа, шунингдек, тўқимачилик саноатида ёш мутахассисларни ўқитиш ва шу орқали ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш ва уларнинг келгуси йилларда барқарор даромад олишига ҳисса қўшади.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА мухбири