Маълумки, бундан 10 йил олдин АИ-80 бензининг нархи 1020 сўм бўлган. Бугунги кунда АИ-80 бензининг нархи 6-7 минг атрофида. Бензин нархининг бу даражада ошиши сабаби нимада?

Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Шохжаҳон Элмуродов бунга куйидагича жавоб берди.

– АИ-80 бензини ўзимизда ишлаб чиқарилади. Илгари бензин ишлаб чиқариш ҳажми юқори бўлган ва автомобиллар сони билан солиштирадиган бўлсак, етарли миқдорда ишлаб чиқарилган. Шунинг учун арзонроқ нархда сотилган. Ҳозирги кунда автомобилларнинг сони ошганлиги бензин нархининг ошишига олиб келган. Шунингдек, бизда ишлаб чиқарилаётган машиналарнинг бензин истеъмоли жуда юқори.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, маълумотларга кўра, ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонда автомобиль бензини ишлаб чиқариш ҳажми 1,1 миллион тоннадан ошган.

Хорижий давлатларда автомобиль харид қилувчилар иккита нарсага эътибор беради: автомобилнинг от кучи билан унинг бензин истеъмолига. Шуни ҳам айтиш жоиз, чет элда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг бензин истеъмоли 4-5 литр атрофида. Баъзилари ундан ҳам кам. Ҳозирда хорижда электромобилларга талаб ошган. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар хусусан, “Gentra”, “Cobalt” шунга ўхшаш автомашиналарнинг бензин истеъмоли 12-13 литрни ташкил этади. Бензин истеъмол ҳажми кўп бўляптими, ўз-ўзидан бензин нархи ошишига сабаб бўлади.

Бензин ҳажмини камайтириш учун бензин кам сарфлайдиган машиналар ишлаб чиқариш керак.

Буни солиштирадиган бўлсак, чет элда бензин нархи қиммат. Аммо уларнинг оладиган иш ҳақи бунга имконият беради. Мисол учун, хорижликлар бир кун ишлаб топадиган пулга автомобилига 2 маротаба тўлиқ бензин қуйиши мумкин. Бироқ, Ўзбекистонда бунақа қилишнинг имкони йўқ.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўпчилик машиналар АИ-80 бензинида кутганингиздек ҳаракатлана олмайди. Уларга AИ-95, AИ-92 бензинларидан харид қилишингиз керак. Бу бензинларнинг нархи эса 10-11 минг сўмни ташкил этади. Бу ёқилғига кетаётган харажат юқорилигини англатади. Харажатлар ошиб кетади.

Агар бензин ҳажмини камайтириш учун инновацияга пул ажратилса ёки ёппасига электормобил ишлаб чиқаришга ўтилсагина бунга ечим топилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА