Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 18-19 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Иштихон тумани “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Хина қишлоғида бўлиб, аҳолининг томорқа имкониятидан нечоғли фойдаланаётгани билан танишди.
Ташрифдан кейин хиналикларда ерга меҳр, меҳнатга муносабат тубдан ўзгарди. Қишлоқ аҳлининг кўпчилиги томорқасини яшнатиб қўйишга ҳаракат қилмоқда ва давлатимиз раҳбарини кейинги сафар ўз ҳовлисига таклиф этмоқчи.
– Хонадонимизга Президентимиз келиб-кетганларидан кейин бу ҳақда телевизорда кўрсатгунча бутун қишлоғимиз аҳли мендан у кишининг фикрлари, муносабатини сўради, – дейди Тошқувват Ражабов. – Давлатимиз раҳбари “томорқадан самарали фойдаланиш керак, ердан йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳосил олиш мумкин, бунинг учун деҳқончилик маданиятини оширишимиз зарур”, дедилар деб у кишининг фикрларини одамларга етказдим. Ҳақиқатдан ҳам, бизнинг еримиздек баракали, олтинга тенг тупроқ бошқа жойда йўқ-да. Ҳафсала қилиб, сидқидилдан меҳнат қилсак, шу ернинг ўзи бизни боқади. Қанча орзу-ҳавасимиз бўлса, томорқада ишлаб, даромад топиб кўришимиз мумкин. Ҳозир қишлоғимизда бекорчи одам қолмади, катта-ю кичик ўз томорқасида қандайдир юмуш билан банд. Ўзимнинг, фарзандларимнинг ҳовлисида ҳам мутахассисларнинг маслаҳатлари билан бир-икки сотихли иссиқхоналар ташкил қиляпмиз, мевали дарахт кўчатлари, сабзавот ва полиз экинлари экяпмиз. Умуман, бугун қишлоғимизда одамларнинг ҳаётга, ерга муносабати ўзгарди.
Хина қишлоғи аҳолиси тасарруфида 34,2 гектар томорқа ерлари мавжуд. Бу экин майдонларидан самарали фойдаланиш, иссиқхона қуриш, кўчат ва уруғ етказиб бериш, минерал ўғит билан таъминлаш, наслли чорва моллари, парранда, қуён боқиш ва бошқа юмушларда уларга тумандаги қишлоқ хўжалиги корхоналари, тижорат банклари, “Иштихон томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти ва бошқа ташкилотлар яқиндан ёрдам бермоқда.
Мутахассислар ҳар бир хонадонга кириб, бир сотих майдонда иссиқхона қуриш харажати, уруғ экиш, парваришлаш, маҳсулот етиштириш, сотиш, даромад олиш жараёнлари ва икки маротаба ҳосил олиш билан қилинган харажат бутунлай қопланишини ҳисоблаб бермоқда. Натижада қишлоқдаги 184 хонадоннинг 170 тасида 1 сотихли ихчам иссиқхоналар ташкил этилди.
Меҳриддин Тошниёзов оиласи Хинадаги энг илғор томорқачилардан. Улар 9 сотихли томорқасида йилига уч мартагача ҳосил олади. Уч йилдан буён эса ҳовлида ташкил этилган иккита иссиқхонада қишин-ёзин маҳсулот етиштириб, даромад қилади.
– Иссиқхонада биринчи экинга бодринг экиб, қатор орасида редиска, кўкат етиштирамиз, – дейди Меҳриддин Тошниёзов. – Бодринг ҳосили камайганда қатор ораларига помидор ва бошқа экинлар экамиз. Ҳовлида ҳам ер бўш турмайди. Ҳар йили ерни алмашлаб турли сабзавот экинлари парваришлаймиз. Бу йил 1,5 сотих майдондаги исмалоқдан 3 миллион сўмга яқин даромад олдик, 2 сотих саримсоқпиёздан эса 1,5 тоннадан ортиқ ҳосил кутяпмиз. Бундан ташқари, томорқамизда 100 тупдан ортиқ мевали дарахт бор, 11 туп узумнинг ўзидан йилига 3 тоннага яқин ҳосил оламиз. Шунингдек, чорва, парранда боқамиз. Ўзим фермер хўжалигида ишлайман, турмуш ўртоғим уй бекаси. Томорқа даромадидан 2013 йилда “Дамас” олгандик, ўтган йили “Нексия” харид қилдик. Асосий даромадимиз томорқадан. Худога шукр, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин.
Шу қишлоқда яшовчи Жалолиддин Тоғаев 3 сотихлик томорқасида рўзғорга керакли сабзавот ва полиз экинлари экади. Лекин рўзғордан орттириб бозорга маҳсулот чиқара олмайди.
Бугун Хина қишлоғида ҳамма ана шундай ўй-фикр, юксак мақсадлар билан ўз томорқасида меҳнат қилмоқда. Табиатдаги уйғониш, яшариш ва янгиланиш одамлар қалбига ҳам кўчган. Демак, яқин орада бу ўзгаришлар аҳоли турмушида ўз аксини топади, умид билан ерга қадалган уруғ мўл ва баракали ҳосил беради.