Ўзбекистон Республикаси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Мисрнинг “Ал-Ҳивор” сиёсий ва ахборий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлиги” деб номланган янги китоб нашр этилди.
Ўзбекистонлик дипломат, ЖИДУ Тил таълими маркази раҳбари Лутфиддин Ходжаев ҳамда мисрлик сиёсатшунос Аҳмад Тоҳир муаллифлигидаги китоб Ўзбекистон ва Миср ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланади.
Нашрда ёзилганидек, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатлар тарихи чуқур илдизларга эга бўлиб, халқларимизни муштарак диний ва маданий қадриятлари ва анъаналарининг ўхшашлиги боғлаб туради. Ушбу омил ҳозирги кунда ҳам икки мамлакат ўртасидаги мавжуд дўстона ва ўзаро манфаатли алоқалар ривожида мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Чунончи, бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий, маданий ва хавфсизлик соҳаларни қамраб олади.
Мазкур асар учта бобдан иборат бўлиб, улар “Ўзбекистон ва Миср: муносабатларнинг юқори босқичга кўтарилиши”, “Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлигининг истиқболли соҳалари” ҳамда “Ўзбекистон ва Миср – ўхшаш ёндашувлар, муштарак муаммолар” деб номланади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳам, Миср ҳам барча соҳаларда туб ислоҳотларни собитқадамлик билан давом эттирмоқда. Ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади халқнинг фаровон ҳаёти гарови бўлган барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ минтақалари ҳамда халқаро майдонда самарали ва конструктив ташқи сиёсат юритишга қодир бўлган икки янги давлат – Янги Ўзбекистонни ва Янги Мисрни барпо этиш ҳисобланади, деб ёзилади асарда.
ЎзА