Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати соҳасида кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди.
Элчи Тим Торлоу ва USAIDнинг мамлакатимиздаги миссияси директори Микаела Мередит тегишли шартномани имзолади.
Мазкур ҳужжат томонлар ўртасидаги илк келишув бўлиб, асосан, юртимиздаги экспорт қилувчи корхоналарга Буюк Британиянинг ривожланаётган мамлакатлар билан савдо схемасидан юқори даражада фойда олишига қаратилган.
Ўзбекистон Қиролликнинг имтиёзли савдо схемасига биринчилардан бўлиб қўшилган давлат ҳисобланади. Ушбу тизим асосида юртимиз маҳсулотларининг 91 фоизини Буюк Британияга нол тариф ставкаси бўйича экспорт қилиш имкони мавжуд.
Ушбу янги ғоя ҳам Буюк Британия, Европа Иттифоқи ҳудуди ва бошқа мамлакатларга қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ошириш имконини беради. Лойиҳа доирасида Самарқанд, Бухоро, Наманган, Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд салоҳиятни юзага чиқариш, ўқув тадбирлари ташкил этиш, жумладан, аёллар учун кашта нақшини рақамлаштириш бўйича тренинг ўтказиш, шунингдек, кашта тикилган тўқимачилик маҳсулотларини сотиш учун харидор топиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида маҳаллий фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари учун экологик хавфсиз кимёвий ёки биологик препарат ва ўғитдан фойдаланиш, сотув миқдорини ошириш, янги экспорт бозорларига чиқиш, ишлаб чиқариш ва ҳосилдан кейинги ишлов бериш амалиётини ўзлаштириш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сертификация бўйича тренинглар ўтказилади. Қолаверса, музлатилган, қуритилган мева ва сабзавот экспорти кўламини кенгайтириш учун халқаро сертификат олишда қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
– Бу лойиҳа орқали америкалик дўстларимиз, ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда ўзбек корхоналари маҳсулотини Буюк Британия ва Европа Иттифоқи давлатлари бозорларига янада кўпроқ экспорт қилишда ёрдам берамиз, – деди Тим Торлоу. – Саъй-ҳаракатимиз мамлакатда экспортни ривожлантириш, қишлоқ жойларда қўшимча иш ўринлари яратиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА