Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг таклифига биноан 20 февраль куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Қоҳирадаги “Ал-Иттиҳодия” саройида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.
Томонлар устувор соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар. Якунда қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари Мисрнинг етакчи компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказади.
Мамлакатнинг энг қадимги ўтмишдан бугунги кунгача бўлган давр тарихига оид ёдгорлик ва буюмларнинг бой тўпламига эга Миср цивилизацияси миллий музейи билан танишиш кўзда тутилган.