Туркия маданият ва туризм вазирлиги исроиллик қутқарувчилар гўё Туркиядан қадимий Есфир китобининг қўлёзмасини олиб кетгани ҳақидаги оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларни инкор этди.
Аввалроқ Исроилнинг Ynet портали Туркиянинг Антакияда маҳаллий аҳоли вакили шаҳарда қутқарув ишларида иштирок этаётган исроилликка қадимий Есфир (Эстер) китобининг қўлёзмасини берганини маълум қилганди. Хабарда ушбу китоб қулаб тушган синагога вайроналари остидан олиб чиқилгани ва Исроилга олиб кетилгани айтилганди.
«Антакиядаги синагога вайроналари остидан топилган Есфир китоби қўлёзмаси Туркиянинг бош раввинатида сақланмоқда», – дейилади вазирлик тарқатган матбуот хабарномасида.
“Қўлёзма контрабандага қарши кураш бўлими томонидан текширилмоқда, жараён Ташқи ишлар вазирлиги билан мувофиқлаштирилиб борилмоқда”, дея қўшимча қилган вазирлик.
«Биз қўлёзмалар ва бошқа қимматбаҳо артифактларни қайтариш ҳамда диндорлар яна қатнаши учун Антакиядаги синагогани қисқа муддатларда тиклаймиз», – дея таъкидланади вазирлик тарқатган хабарда.