Қирғизистон Президенти Садир Жапаров республиканинг барча собиқ раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказганини маълум қилди. Учрашувда иштирокчилар мамлакат аҳолисини жипслаштириш масаласини муҳокама қилишган.

“Мен собиқ президентларни бир даврада тўпладим”, деб ёзди Жапаров ижтимоий тармоқлардаги ўз  саҳифасида.

Аммо давлат раҳбари бу учрашув қачон ва қаерда бўлгани ҳақида гапирмаган.

Жапаров таъкидлаганидек, “доим ҳокимият учун кураш олиб бориш республиканинг тараққиётига таъсир қилиб келмоқда ва шунинг учун у Марказий Осиёнинг бир бурчагида қолиб кетмоқда”.

“Биз ҳаммамиз бирлашган ҳолда мамлакат келажагини ўйлашимиз керак”, деб қўшимча қилган Жапаров.

Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоевнинг маълум қилишича, учрашувда 2005 йилдан буён Москвада истиқомат қилиб келаётган Аскар Акаев, 2010 йилдан бери Беларусда яшаб келаётган Курманбек Бакиев, шунингдек, Роза Отунбоева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбековлар иштирок этишган.

ЎзА