Сергей Лавров: Тошкент конференцияси ўз вақтида амалга оширилган муҳим ташаббус

Халқаро форумлар саройида Афғонистон бўйича юқори даражали Тошкент халқаро конференцияси давом этмоқда.
Конференция доирасида Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сўзга чиқди.
Марказий Осиё бизнинг ташқи сиёсатимизда муҳим ўрин тутади. Давлатимиз турли доирадаги ташкилотлар, икки томонлама келишувлар асосида минтақадаги мамлакатлар билан барча соҳаларда стратегик ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб келади. Сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги муносабатларда эришилаётган ижобий юксалишлар шулар жумласидан.
Биргина мисол. Бугун россиялик ишбилармонларнинг Марказий Осиё давлатларига киритган инвестицияси 20 миллиард долларни ташкил этмоқда. Минтақада 7,5 мингдан ортиқ россиялик ҳамда ҳамкор компаниялар фаолият юритмоқда. Шунингдек, минтақа давлатлари билан хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаол алоқалар тинчликни сақлаш ва саъй-ҳаракатларимизни умумлаштириб боришда муҳим ўрин тутмоқда.
Ҳозирги кундаги асосий хавф – Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида ўз фаолиятини кенгайтиришга уринаётган Ислом давлати сифатида ном олган террорчилик ҳаракати бўлиб қолмоқда. Яна бир хавф – бу наркотрафик муаммосидир.
Афғон муаммосини ҳал қилишдаги ташаббус минтақа давлатларининг ўзидан чиқаётгани муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган Тошкент конференциясини ўз вақтида амалга оширилган муҳим ташаббус дейиш мумкин. Биз Тошкент конференциясидан ижобий натижалар кутиб қоламиз.

 

ЎзА