Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ЎзА мухбирига мамлакатимизга амалий ташрифи чоғида бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар ҳақида сўзлаб берди:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш шарафига муяссар бўлганимдан хурсандман.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ, ишончли, дўстона муносабатлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлмоқда. Кенг қамровли, ғоят самарали алоқалар халқларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни юқори баҳолади. Ўзбекистон Президентининг жорий йил март ва май ойларида Туркманистонга ташрифларида эришилган келишувлар ижроси таҳлил қилинди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Савдо-иқтисодий муносабатлар изчил ривожланмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар, вазирлик ва хўжалик субъектлари ўртасидаги алоқалар қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбек ва туркман халқлари қардош, яқин қўшни. Бизнинг тарихимиз бир, тилимиз, қадриятларимиз муштарак. Бу маданий-гуманитар ҳамкорлик ривожида муҳим омил бўлмоқда. Таълим, санъат, маданият, спорт ташкилотлари, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги дўстона алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда.

Делегациямизга кўрсатилган иззат-икромдан миннатдормиз. Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва қардошлик алоқалари янада мустаҳкамланишидан манфаатдормиз.

 

ЎзА