Жорий йил 6 февраль куни Туркия Республикаси жануби-шарқий вилоятларида содир бўлган зилзила натижасида жабрланган Ўзбекистон фуқароларини аниқлаш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасида ташкил этилган гуруҳ кеча-ю кундуз фаолият кўрсатмоқда.

Қайд этиш керак, консулхонамиз Туркиянинг мутасадди вазирлик, идоралари билан ҳолат юзасидан доимий алоқа ўрнатган. Ҳамкорликда шу кунга қадар эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Хусусан, нобуд бўлган 6 нафар юртдошимизнинг бири Туркияда дафн этилди, 4 нафарининг жасади юртга юборилди. Айни пайт яна бир ватандошимиз билан боғлиқ ҳужжат расмийлаштирилмоқда. Қидирилаётган 75 ҳамюртимиздан 66 нафари топилиб, улар билан алоқа ўрнатилди. 27 киши табиий офат ҳудудидан эвакуация қилиниб, Ўзбекистонга жўнатилди.

30 нафардан зиёд ватандошимиз зилзила содир бўлган вилоятларда моддий ёрдамга муҳтож ҳолатда экани аниқланиб, уларга кўмак кўрсатиш учун тегишли чора кўрилмоқда.

Бош консулхона томонидан офат содир бўлган шаҳарларга инсонпарварлик ёрдами юбориш, жабр кўрган ватандошларимизга кўмаклашиш жараёнини марказлаштирган ҳолда ташкил этиш, кўмак манзилга ишончли етиб боришини таъминлаш мақсадида махсус банк ҳисоб-рақами очилди. Фаол ватандошлар, ҳомийлардан келиб тушган маблағ фуқароларимизни Истанбулга олиб келиш, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш, меҳмонхонага жойлаштириш ва Ўзбекистонга юбориш учун авиа чипта харид қилиш билан боғлиқ харажат учун мақсадли сарфланмоқда.

Нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда офатдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳомийлик манбалари ҳисобидан генератор, иситгич, кийим-кечак, озиқ-овқат, гигиена маҳсулотлари ва бошқа инсонпарварлик юклари Хатай, Қаҳрамонмараш, Газиантеп шаҳарларига юборилди.

Қаҳрамонмараш вилоятида олий таълим муассасаларида таълим олаётган 8 нафар ўзбекистонлик талаба аниқланиб, уларга ҳомийлик маблағи ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, тадбиркорлар ва талабалар ҳамкорликда фожеа юз берган шаҳарларда мамлакатимиздан келган бир гуруҳ таниқли ошпазлар ҳар куни 500 кг миқдорида 6 та дошқозонда икки маҳал палов ва бошқа миллий таомлар пишириб тарқатилишида яқиндан ёрдам бериляпти.

Қайд этиш керак, ижтимоий тармоқда номаълум шахслар томонидан вафот этгани ҳақида нотўғри ахборот берилган Ўзбекистон фуқароси – Наманган вилоятида 1975 йил туғилган Шоҳиста Ниёзова Бош консулхона саъй-ҳаракати билан қидириб топилди. У ва зилзила вақтида бирга бино остида қолиб кетган Марғубахон Миралиева воқеа жойидан Истанбул шаҳрига келтирилиб, шифохонада кўрикдан ўтказилди. Уларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаш жоиз, фожеа содир бўлган илк кундан бошлаб мамлакатимиз Туркия халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами қардош давлат томонидан юксак қадрланаётир. Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафо Шентоп ва мудофаа вазири Хулуси Акар зилзила рўй берган ҳудудда ишни ташкил этиш жараёнида тун-у кун меҳнат қилаётган ўзбекистонлик қутқарувчилар, ёрдамга келган ватандошларимиз билан учрашди. Улар ўзбек халқининг бу ёрдами ҳеч қачон унутилмаслигини билдиришди. Мазкур мулофот дунё ОАВда, ижтимоий тармоқ орқали кенг ёритилди.

Туркия ИИВ Халқаро ҳамкорлик хизмати ва Миграция хизмати бош бошқармаси раҳбарияти ҳам кўрсатилаётган кўмак учун давлатимиз раҳбариятига турк халқи номидан миннатдорлик билдирди.

ЎзА