Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Ёшлар масалалари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди.

Унда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, белгиланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этиб, маъруза қилди:  

— Инсон ҳуқуқлари маданияти деганда тўрт муҳим жиҳат тушунилади. Булар ҳар бир инсон ўз ҳуқуқини билиши, унга риоя қилиши, бошқаларнинг ҳуқуқларини бузмаслик ҳамда бировларга ҳуқуқий кўмак бериш. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда фундаментал аҳамият касб этади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда соҳада тизимли ишлар олиб борилмоқда.    

Йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Ўткир Очилов маъруза қилиб, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг мазмун-моҳияти, унда кўзда тутилган мақсад-вазифалар хусусида маълумот берди.

— 2023 йил 7 февралда “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди, — деди Ўткир Очилов. —  Ўзбекистонда 2020-2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда. Шундан келиб чиқиб, қарорда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган амалга ошириш мақсадида қатор вазифалар ўз аксини топган.  

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланиб, унда 7 йўналиш, 30 банддан иборат тадбирлар белгилаб берилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга асосий эътибор қаратилади.

Ушбу босқич ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ҳамда инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилган. Миллий таълим дастурида мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаб олий таълимгача бўлган жараёнларда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлашда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий таълим дастури доирасида олиб бориладиган ишлар муҳокама қилинди. Таълимга масъул вазирлик ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда “йўл харитаси” асосида фаолият олиб бориш бўйича режалари маълум қилинди. Президент қарори ижросини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.


Муҳтарама Комилова, Ёқуб Мелибоев (сурат), ЎзА