ФОТОРЕПОРТАЖ

Пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида «Ўзмиллийбанк» стипендияси учун ўтказилаётган теннис турнирининг 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги баҳслари бўлиб ўтди.

Мазкур турнир натижаларига кўра, мусобақа ғолиби Ўзбекистон теннис федерацияси бош ҳомийси – «Ўзмиллийбанк» стипендиясини қўлга киритади.

Мусобақа ёш теннисчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни саралаш, уларни халқаро турнирлардаги иштироки билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадига қаратилган.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари пойтахтимизда теннис бўйича «Дэвис кубоги»нинг жаҳон саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон ва АҚШ терма жамоалари ўртасида ўтказилган баҳсларида қатнашган 17 ёшли ҳамюртимиз Амир Милушев турнирда кўрсатган маҳорати ҳисобига тўғридан-тўғри «Ўзмиллийбанк» стипендиясига сазовор бўлди.

 

Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),ЎзА