Фуқаролик ишлари буйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро судининг 2021 йил 7 июлдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Д.Д. дан ундирувчи О.Гараеванинг фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун 1/4 миқдорда алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.

Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Тахиатош туман бўлими иш юритувига келиб тушди. Жорий йилнинг январ ойига қадар алимент нафақаси қарздордан ойма-ой тўлиқ ундириб келинган.  Шунга қарамасдан, алиментчи ота бўлимга мурожаат қилиб, алимент нафақасини олдиндан тўлаб бериш истагини билдирган.

Шу сабабли бўлим давлат ижрочилари томонидан амалий ёрдам кўрсатилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори талабига асосан, кейинги 5 йилги алимент нафақаси миқдори ҳисоблаб берилган.

Натижада алиментчи Д.Д. томонидан фарзандига аталган 85,4 миллион сўм алимент пулини олдиндан тўлаб берди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири