БМТ табиий офатлар оқибатини баҳолаш ва мувофиқлаштириш гуруҳи (UNDAC) ходими Винстон Чанг Туркиядаги зилзилага “мисли кўрилмаган”, дея таъриф берди. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар беради.
– Бу ҳодисани фақат 2004 йил Ҳинд океанида 220 минг кишини ҳалок қилган цунами билан солиштириш мумкин, – дейилади ахборотда. – Биз жиддий қийинчиликни енгиб ўтишимиз керак, хусусан, қишнинг совуғини. Сурияга кириш тақиқлангани, вайрон бўлган йўллар ва бошқа хавфлар мавжуд. Буларнинг бари жабрланганларга ёрдам кўрсатишни янада қийинлаштиради.
Гап 50 минг квадрат километр майдондаги вайронагарчилик ҳақида кетяпти.
– Ҳозирча олти минг бино қулагани аниқ, – фикрини давом эттирди мулозим. – Ҳисоб-китоб ҳали давом этяпти. Табиий офат эрталаб соат 4:17 да содир бўлган. Аксарият аҳоли бу вақт қаттиқ уйқуда бўлган. Демак, жуда кўп одам ҳануз “тош қоп”да ёки вайрона остида бўлиши мумкин. Барча ҳаракатимиз уларни топишга қаратилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмийсига кўра, офат ҳудудидан мўъжизавий қутқарув ҳолатлари ҳақида маълумот келиши давом этмоқда. Бу бизга умид бахш этади. Қутқарувчилар тўхтаб қолиш ниятида эмас ва БМТ жамоаси ҳам уларга ёрдам бермоқда. Европа Иттифоқи билан қўшма мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилган. Биз анчадан бери бундай миқёсдаги бирдамликни кўрмаган эдик, деди ташкилот вакили.
Г.Сатторова, ЎзА