Қирғизистон Олий суди криминал шахс Азиз Батукаевни озод қилиш билан боғлиқ, собиқ президент Алмазбек Атамбоев судланган жиноий ишни қайта муҳокамага жўнатди. Бу ҳақда “РИА Новости” ёзган.
Хабарда коллегия қароридан “Адвокатлар Сергей Слесарёв ва Замир Жоошевнинг Алмазбек Атамбоевга оид ҳолат бўйича иш юритишни янги хулосалар бўйича қайта бошлаш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилиши керак”, тарзидаги иқтибос келтирилган. Ушбу ҳужжат билан Олий суднинг 2021 йил 12 октябрь ва 2022 йил 15 мартдаги ажримлари ҳам бекор қилинган. Бу қарорлар қуйи судларнинг Атамбоевни Батукаев иши бўйича айблаш тўғрисидаги ҳукмини кучда қолдирган. 2006 йил Батукаев Бишкек чеккасидаги колонияда тартибсизлик уюштирганликда айбланиб, 16 йил-у 8 ойга қамалган эди. Тўполон чоғида депутат Тиничбек Акматбоев, жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Иқматулла Пўлотов ва парламентнинг икки депутати ҳалок бўлган. 2013 йил Батукаев тиббий комиссия хулосасига кўра қамоқдан озод қилинди ва унга қон саратонининг охирги босқичи ташхиси қўйилди. Бир неча соатдан кейин эса янги паспорт олди ва мамлакатни тарк этди.
Тергов маълумотига кўра, жиноятчининг қўйиб юборилишида юқори мартабали амалдорлар, жумладан, собиқ президент Атамбоев ҳам иштирок этган. Уларга “уюшган жиноий гуруҳ манфаатини кўзлаб коррупция ташкил қилиш” айби қўйилган.
Бишкек шаҳри Первомайский тумани суди 2020 йил 23 июнь куни Атамбоевни Батукаевни озод қилиш билан боғлиқ коррупция ҳолатида айблаб, озодликдан маҳрум қилди. 2020 йил 14 август куни Бишкек шаҳри суди қарорни кучида қолдирди.
2020 йил ноябрда мамлакат Олий суди туман ва шаҳар судлари хулосасини бекор қилди ва ишни кўриб чиқиш учун биринчи инстанцияга юборди. Кейинроқ Олий суд ўз қарорини бекор қилди ва айблов ҳукмини тиклади.
Қирғизистон энг йирик – Социал-демократлар партияси раҳбари Атамбоев 2017 йил президент сайловидан сўнг ҳокимиятни вориси ва энг яқин иттифоқчиси Сооронбой Жеенбековга топширган эди. Орадан кўп ўтмай, собиқ президент жамоасига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Атамбоев собиқ президент мақомидан маҳрум қилинди ва оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айбланди. Атамбаев ўзига ва шерикларига қўйилган барча айбловлар сиёсий хусусиятга эга эканини бир неча бор таъкидлаган.
Г.Сатторова тайёрлади.
ЎзА