Душанба куни Истанбулда Мармар денгизи қирғоғи кутилмаганда 15-20 метрларга чекинган. Олимлар хавотир олмасликни, ҳодиса босим ўзгариши билан боғлиқ бўлиб, сейсмик фаолликка алоқаси йўқлигини айтишмоқда.
ОАВ душанба куни дрон орқали олинган видеоёзувларни намойиш қилган. Унда Авжилар туманида денгиз қирғоғи тахминан 15-20 метрларга чекингани, қоялар кўриниб қолгани акс этган. Нуфузли Кандилли Обсерваторияси олимлари ушбу вазиятга изоҳ беришди. Унда айтилишича, бу метеорологик ҳодиса бўлиб, зилзилага умуман алоқаси йўқ.
6 февралда Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятида бирин-кетин икки марта 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалокат сабабли Туркияда қурбон бўлганлар сони 31 минг 643 кишига етган. Зилзила Туркиянинг 10 та вилояти ҳамда Сурия ҳудудига катта талафот етказди.