Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий соҳаларга масъул раҳбарларни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ихчам ва самарали бошқарув тизимига ўтилмоқда. Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинмоқда.

Хусусан, бир-бирига яқин соҳалар негизида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташкил этилди.

Президентимиз Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “ижтимоий давлат” тамойилига алоҳида эътибор қаратган эди. Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, демакдир. Бу эса таълим ва тиббиёт сифати, илм-фан ва маданият ривожи, ёшлар ҳаётида акс этади.

Йиғилишда ушбу соҳалардаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Мамлакатни олға бошловчи, ислоҳотларни амалга оширувчи асосий куч бу – билимли ва соғлом авлод. Шу боис таълим тизимининг барча босқичлари ислоҳ қилиниб, изчил ривожлантирилмоқда. Сўнгги йилларда кўплаб боғча ва мактаблар қурилди. Янги университетлар ташкил этилди. Мактабларда ўқувчи ўрни, олий таълим қамрови ошди. Энди асосий эътибор сифатга қаратилмоқда.

2022 йилда 386 минг нафар мактаб битирувчиларидан 137 минг нафари олий таълимга, 20 минг нафари коллеж ва техникумларга қамраб олинган. Лекин битирувчиларнинг 50 фоизи ҳеч қандай касб-ҳунарсиз меҳнат бозорига кириб келган.

Жаҳондаги шиддатли рақобат шароитида етук мутахассислар тайёрлаш, ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига мослашишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шунинг учун, 2023 йилдан бошлаб, ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг энг устувор вазифаси бўлиши таъкидланди.

Бунга ҳамоҳанг равишда, олий таълим тизими ҳам ўзгариши керак. Шу боис институт ва университетларнинг фаолиятини ислоҳ қилиб, малакали кадрлар тайёрлаш, илм билан ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сўнгги йилларда олимларнинг иш ҳақи 4,5 баробар оширилган. Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилмоқда. Бундан фойдаланиб, сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби долзарб йўналишларда илмий асослар яратиш зарурлиги қайд этилди.

Ёш авлодни юксак маданият руҳида тарбиялаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Театр, мусиқа ва кино соҳаларини ривожлантириш, мақом ва бахшичиликни асраб-авайлаш муҳимлиги таъкидланди. Халқимиз маданияти ва табиат масканларини кенг тарғиб қилиб, туристларга шароитларни яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам долзарб масалалар кўп. Бугунги кунда аҳолининг 56 фоизида ортиқча вазн, 30 фоизида сурункали касалликлар бор. Шу боис “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати бошланиши маълум қилинди.

Тиббиёт таълимига илғор хорижий тажрибани жорий қилиш, тизимни рақамлаштириш ва тиббий суғуртани йўлга қўйиш орқали хизмат сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Аҳолини қийнаб келаётган онкологик, юрак-қон томир ва эндокрин касалликлар бўйича эрта ўлимни кескин камайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда вазирлар тизим фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари ва устувор вазифалар юзасидан ахборот берди.