Маълумки, 2017 йилдан буён мамлакатимизда аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш ва бошқа қатор чора-тадбирларни ўз ичига олган ҳар йилги Давлат дастури халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда муҳокамадан ўтказилиб, сўнгра қабул қилиниши анъанага айланди.

Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси ҳам айни кунда “Тараққиёт стратегиси” маркази томонидан 2023.strategy.uz ҳамда davlatdasturi.uz порталлари орқали кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Шу ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ билан мулоқот қилиш самарали йўлга қўйилди. Фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган, мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим деб билган ҳар бир масалани кўтариб чиқиб, масъуллар эътиборини ушбу муаммолар ечимига қаратмоқда.

Бу йилги Давлат дастури лойиҳаси ҳам кенг жамоатчилик, халқимиз ва соҳа мутахассислари фикрларидан ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил декабрь ойида Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслардан келиб чиққан ҳолда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг 7 та устувор йўналиши доирасида 309 та банддан иборат.

Жумладан, Давлат дастури лойиҳасида инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида ногиронлик нафақасини белгилашда фуқароларга қўшимча енгилликлар яратилмоқда. Хусусан, 2023 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб уларнинг иштирокисиз белгиланиши йўлга қўйилади.

Натижада, йилига 27 минг нафар фуқаро, яъни бундай тиббий кўрикка муҳтож бўлганларнинг 25 фоизи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бормайди ва уларга ногиронлик сиртдан белгиланади. Ногиронликни белгилашда даволаш муассасаларидан касаллик тарихи кўчирмалари электрон қабул қилинади ҳамда ушбу маълумотлар асосида ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.

Албатта, бу ҳам минглаб ногиронлиги бўлган фуқароларга ва уларнинг қаровчилари учун жуда катта енгиллик яратиб беради.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023 йилда 53 та “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажми 2 баробарга оширилиб, 90 мингтага етказилади. 26 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан етарли маблағлар йўналтирилади.

Шу билан бирга, аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг жорий этилган янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиб, йўлга қўйилади.

Энг муҳими, Давлат дастури лойиҳасида аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган талабини қондириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, бунда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тизимини жорий қилиш учун шароит яратиш мақсадида қуввати 20 кВт ва ундан паст бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларини паст (0,23-0,4 кВ) кучланишли электр тармоқларига улаш учун техник шарт олиш талаб этилмаслиги белгиланмоқда. Ушбу тартиб ишга тушгандан сўнг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатмоқчи бўлган жисмоний шахсларга қулайлик яратилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб йиллик ҳажми икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган ташкилотлар учун ўз энергия истеъмолини камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия ҳисобига таъминлаш мажбурияти юклатилмоқда.

Бунинг натижасида, 2023-2026 йиллар давомида иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилаётган 25 та йирик корхона ва ташкилотнинг умумий истеъмол ҳажми 4 миллиард кВт.соатни ташкил этиши инобатга олинган ҳолда, ушбу ташкилотлар ўз истеъмолини камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан таъминлаши орқали камида 1,2 миллиард кВт.соат электр энергияси тежалишига эришилади.

Бу эса, ўз-ўзидан йирик корхоналарнинг марказий электр тармоқларига бўлган босимини камайтириб, тежаб қолинган электр энергиясини минглаб хонадонларга етказиб бериш ёки аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган янги лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.

Умуман олганда, Давлат дастури лойиҳасида белгиланаётган мақсад ва чора-тадбирларнинг ҳар бири ўз вақтида ва самарали ҳаётга татбиқ этилишига барчамиз бирдек масъулмиз. Шу боисдан, халқ вакили сифатида барча юртдошларимизни Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаларида фаол иштирок этиб, юртимиз тараққиётига хизмат қиладиган таклиф ва ташаббуслари билан фаол қатнашишга чақириб қоламан.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА