Маълумки, академик таътил олмоқчи бўлган талабалар бунинг учун таҳсил олаётган олийгоҳ ректори номига академик таътил олишга сабабни кўрсатган ҳолда ариза ёзади ва маълумотнома тақдим қилади.

Хўш, қандай асослар академик таътил олишга сабаб бўлади? Мазкур таътил қанча муддатга берилиши мумкин?

Бу каби саволларга Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Умидулло Сатторов жавоб берди.

–Талабаларга академик таътил ўқув йилининг исталган даврида, қуйидаги муддатларга берилади. Хусусан, ҳарбий хизматни ўташ учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига қараб, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига қараб берилади. Бу Меҳнат кодексининг 233-234-моддаларида кўрсатилган.

Шунингдек, саломатлигини тиклаш ҳамда оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун кейинги йилнинг талаба томонидан тўлиқ ўзлаштирилмаган семестри бошлангунига қадар бўлган муддатга берилади.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида тасдиқланган Низомга мувофиқ талаба академик таътил муддатига таълимнинг мавжуд сиртқи, масофавий ёки экстернат таълим шаклига ўтказилса, навбатдаги семестрнинг бошлангунига қадар бўлган муддатгача назарда тутилган. Бунда, қайд этилган муддатлардан бири талабанинг аризасига мувофиқ ОТМ ректори (директори) томонидан белгиланади.

Академик таътил олган талабалар ўқишни сиртқи, кечки, онлайн шаклларга ўзгартириши ва давом эттириши мумкин бўлади.Ўтган даврдаги академик таътилдан ҳозиргисининг фарқи – талаба ўқишдан четлатилмайди. Талабага академик таътил даврида стипендиялар тўланмайди.

Талаба академик таътилда белгиланган муддат тамом бўлгандан сўнг ўқишга қайтиш бўйича олий таълим муассасасининг ректори номига ариза билан мурожаат қилган тақдирда унинг аризасини асоссиз равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Ушбу ҳолат бўйича масъулият шахсан олий таълим муассасаси ректори зиммасига юкланади.

Академик таътилдан қайтиш бўйича талабанинг мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади ва унинг олий таълим муассасасига ўқишга қайтиши тўғрисида олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи расмийлаштирилади. Ушбу буйруқда талаба академик таътилдан қайтгандан сўнг ўқийдиган бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), ўқув курси ва гуруҳи кўрсатилади.

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА