“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, углеводородлар захирасини ошириш мақсадида амалга оширилган кенг кўламли ўзлаштириш ишлари натижасида Мўйноқ туманида қайта таъмирланган қудуқдан ўртача кунлик 144 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1,5 тонна газ конденсати қазиб чиқарилмоқда.
Жумладан, қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини бажариш баробарида, янги қудуқлар бурғиланиб, тугатилган қудуқлар мажмуасида турганлари қайта таъмирланиб ишга қўшилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти матбуот хизматининг маълум қилишича, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Шарқий Бердақ” конидаги 35-сонли қудуқда олиб борилган капитал таъмирлаш ишлари ҳам муваффақиятли якунланди. “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан қудуқнинг 1857-1852, 1815-1813 метрлар оралиғида перфорация ишлари олиб борилди.
Маълумот учун: “Шарқий Бердақ” газконденсат кони Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган бўлиб, 2022 йил ишга туширилган.
ЎзА