Тошкент шаҳридаги Яшнобод тумани «Ишга марҳамат» моно-марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясининг аҳамияти, бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва истиқболдаги вазифалар» мавзусида семинар ўтказилди.

Унда депутатлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги Камбағалликни қисқартириш департаменти, Республика тиббий ижтимоий экспертиза инспекцияси, ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.

— Юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди қўмита раиси Мавлуда Хўжаева. —Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясида кам таъминланган оилаларни ижтимоий ёрдам дастури билан қамраб олиш даражаси 58,8 фоиздан 98,1 фоизга етказиш, камбағаллик даражасини 17 фоиздан 5 фоизга қисқартириш, аҳолининг меҳнат бозорида кўрсатиладиган хизматлар билан қамраб олинганлигини 64,2 фоиздан 70 фоизга ошириш, ишсизлик нафақасини олувчи ишсизлар улушини 5,7 дан 7 фоизга ошириш каби 10 та мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.

Ушбу мақсадлар доирасида 2022 йилда ишлар амалга оширилган ишлар натижасида камбағаллик даражаси 2022 йилдаги 17 фоиздан 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, 14,1 фоизга тушди.

Шунингдек, семинарда ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Ушбу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими жорий қилингани таъкидланди. Хусусан, 2022 йилда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га 2,3 миллион оила киритилган бўлиб, 2,2 миллион кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ҳамда 74,8 минг кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам сифатида жами 11,4 триллион сўм маблағлар тўлаб берилган.

Семинарда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касбга ўргатиш борасида 2022 йилда «Ишга марҳамат» мономарказлари сони 23 тага, маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш масканлари сони 489 тага етказилгани таъкидланди. Мазкур таълим муассасаларида 140 минг ишсизлар касб-ҳунарга ўқитилиб, имконияти чекланган шахслар бандлигини таъминлаш мақсадида алоҳида Миллий дастур ишлаб чиқилган ҳолда, 15 минг ногиронлиги бўлган фуқароларнинг бандлигига кўмаклашилди.

Семинарда сўз олган депутатлар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва бандлик соҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар устидан депутатлик назоратини янада кучайтириш, дастур ижросини ҳар ой якуни бўйича туман, шаҳар ҳокимликлари қошидаги доимий ишчи комиссия йиғилишларида муҳокама қилиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан Қонунчилик палатаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.

 

М.Комилова,  

ЎзА