Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти фаоллари ва мутасаддилар билан ҳудудда саноатни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Унда маълум қилинишича, Жиззах электр тармоқларидаги йўқотишлар қарийб 21 фоизни ташкил этади. Бу – республикадаги энг юқори кўрсаткичдир.

Шу боис, масъуллар зиммасига 2023 йилда йўқотишларни 14 фоизгача тушириш ва бунинг ҳисобига 57 миллион киловатт соат электрни тежаш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, ўтган икки ойда вилоятда 400 дан зиёд ноқонуний уланиш ва ўғирликлар содир этилгани, электрдан 231 миллиард сўм ва газдан 59 миллиард сўм дебитор қарздорлик мавжудлиги, 540 миллион куб метр газнинг истеъмолчилари аниқланмагани танқид қилинди.

Бу каби салбий ҳолатларни қатъий назоратга олиб, энергия ресурсларини талон-торож қилишга чек қўйиш, Мажбурий ижро бюроси қарздорликни кескин камайтириш чораларини кўриши кераклиги таъкидланди.

Вилоятда 4 мингдан зиёд корхонани энергия самарадорлигини ошириш орқали 30 миллион киловатт соат электрни тежаш зарурлиги, бу орқали, вилоятда жами 145 миллион куб метр газ тежалиши айтилди. Маълумот учун вилоятда 2022 йилда жами газ истеъмоли 1 миллиард куб метрни ташкил қилган.

Умуман, Жиззах вилоятида энергия танқислигини тўлиқ қоплаш ва янги қувватларни ишга тушириш зарурлиги айтилди.

ЎзА