Бу ҳақида Қашқадарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот берди.

Қарши Темир йўл ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 9 февраль куни соат тахминан 07:05 ларда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туман ҳудуди “Оқрабод-Чашмаихафизон” темир йўли Тошкент-Термиз йўналишининг 103-километрида кўчки ҳодисаси содир бўлган. Темир йўл қисмининг ўнг томонидан ҳажми тахминан 1,5 миллион метр куб кўчки массаси силжиши натижасида темир йўлнинг 50 метр қатнов қисмини кўчки массалари ёпиб қолган.

Воқеа жойига вазиятни ўрганиш ва ҳодиса оқибатларини бартараф этишни ташкиллаштириш учун Қарши минтақавий темир йўл узели унитар корхонасининг(ҚМТЮ УК) бошлиғи М.Мирзаев, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи полковник Ф.Мирзаев ҳамда туман сектор раҳбарлари чиқишган.

Ҳозирда содир бўлган кўчки ҳодисаларини бартараф этиш штаби ташкил этилиб, авария-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Авария-таъмирлаш тиклаш ишларига ҚМТЮ УК дан 100 ДАН ортиқ ишчи хизматчилар, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 50 нафар қутқарувчилар ва 20 га яқин махсус техникалар жалб қилинган.

Кўчки оқибатида бино иншоотларга зарар етмаган, жароҳат олганлар йўқ.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА.