Туркияда зилзиладан жабр кўрганларга бошпана ажратаётган меҳмонхоналар сони кундан кун кўпаймоқда. Бир кун аввал шундай меҳмонхоналар сони 220 тага етган эди, кейинги куни otelz.com сайтида мамлакатнинг турли шаҳарларида 535 та меҳмонхона ўз хоналарини таклиф этаётгани ҳақида хабар эълон қилинди.

Масалан, Истанбулдан 65 та, Анталиядан 53 ва Анқарадан 37 та меҳмонхона ўз номерларини жабрланганларга бепул беришини маълум қилган. Умуман, ажратилган хоналар сони бир кунда 1 минг 200 тадан 2 минг 226 тага етди. Бошпанасиз қолганларга бепул номер таклиф этаётган меҳмонхоналар сони кундан кунга ортмоқда, деб ёзмоқда АЗЕРТАЖ агентлиги хорижий оммавий ахборот воситалари хабарига таяниб.

Ҳар бир меҳмонхонага ўртача 15-20 та бўш номерлар тўғри келмоқда. Бироқ бу рақамлар онлайн режимда ўзгариб турибди, чунки жойлар мунтазам равишда тўлиб бормоқда, аммо мазкур лойиҳага янги-янги тадбиркорлар қўшилмоқда ва ўз меҳмонхонасидан жой ажратмоқда, дейилади хабарда.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг баёнот беришича, зилзиладан жабр кўрганларни жойлаштириш учун Анталияда қиш учун захирага олиб қўйилган меҳмонхона номерларидан 50 мингтаси тайёр ҳолга келтирилган.