2023 йил 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов билан Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Икки давлат ТИВ раҳбарлари Ўзбекистон – Венгрия кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар, олий даражадаги музокаралар доирасида эришилган келишувлар ижросини кўриб чиқдилар.
Вазирлар иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш, фармацевтика, инновациялар, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик саноати, энергетика ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни давом эттириш муҳимлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам равишда икки томонлама маслаҳатлашувларни ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Венгриянинг халқаро ташкилотлар ва молия институтлари доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, туризм соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, фан-таълим соҳасида шерикликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА