Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Словения Республикаси Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Таня Фаён билан музокара ўтказди. Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.

Словения томони мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини эътироф этиб, ўзаро шерикликни фаоллаштириш стратегик аҳамиятга эга эканини қайд этди. Шу нуқтаи назардан куни кеча Ўзбекистон ва Словения ўртасида иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани айни муддао. Ушбу ҳужжат икки давлат ўртасидаги муносабатни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асосдир.

Бошқа ижобий омиллар қаторида Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+  преференциялар тизими бенефициари мақомидан фаол фойдаланаётгани сабабли 2022 йил 40 фоиз ошган товар айирбошлаш миқдори юқори ўсиш суръатини намоён қилган. Томонлар ушбу мақомни мустаҳкамлаш чорасини кўриш бўйича ўзбек экспортёрларига зарур ёрдам кўрсатишга келишиб олдилар.

Доимий равишда қўшма бизнес-форумлар, “Ўзбекистонда ва Словенияда ишлаб чиқарилган” кўргазмаларини ташкил этиш орқали инвестициявий ҳамкорликни, саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболи ҳам муҳокама қилинди. Энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, инфратузилма қурилиши, ахборот технологиялари соҳалари қўшма лойиҳалар амалга оширишнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Мулоқот давомида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имконияти ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Словения делегацияси раҳбари пойтахтларимиз аро чартер ва мунтазам ҳаво қатновини йўлга қўйиш таклифини киритди. Ушбу йўналишдаги кейинги амалий қадамларни муҳокама қилиш учун авиация идоралари ўртасида онлайн маслаҳатлашув ўтказишга келишиб олинди.

Музокара якунида томонлар эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Словения ҳукуматлараро комиссиясини ташкил этиш ташаббусини қўллаб қувватладилар.

ЎзА