Бундан бир йил аввал, 2022 йил 27 апрелда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари томонидан қабул қилинган “Истанбул декларацияси”да конституциявий тузумни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, адолат ва қонун устуворлиги каби энг муҳим принципларни таъминлашда конституциявий судларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш эзгу мақсади билдирилган эди.
Туркий давлатлар конституциявий судлари бошлаган сайъ-ҳаракатларининг мантиқий натижаси ўлароқ, 2022 йил 24 декабрда ўзаро ҳурмат ва судлар мустақиллиги тамойилига таянган ҳолда, қардош давлатлар конституциявий судлари томонидан конституциявий одил судлов ва қонунчилик амалиётига оид тажриба алмашиш ҳамда ўзаро манфаатли масалаларни биргаликда муҳокама қилиш, бунда дини, тили ва дили бир қардош халқларнинг маданий ва маънавий меросидан фойдаланиш имкониятларини оширишга хизмат қилувчи Туркий дунё констуциявий юрисдикциялари конференцияси (TURK-AY) ўзаро халқаро ҳамкорлик органи таъсис этилди.
Ўзбекистон делегацияси томонидан таъсис анжуман иштирокчиларига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли, дадил ислоҳотлар бераётган юксак самаралар, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси – инсон қадри улуғланган халқчил дастуримизнинг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бошланган Ўзбекистоннинг дунёга очиқлик бўйича янги сиёсати давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузининг ошиши, халқимиз фаровонлигининг юксалиши, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг янада кенг кўлам ва миқиёсда таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Буни Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Жаҳон банки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Ислом тараққиёт банки (ИТБ), Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Туркий кенгаш, Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) каби нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилганини кўриш мумкин.
Туркий дунё констуциявий юрисдикциялари конференцияси таъсис анжуманида алоҳида таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг хорижий давлатлар конституциявий назорат институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро мулоқотни ривожлантириш, ўзаро манфаатли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги фаоллиги муттасил ошиб бормоқда.
Зеро, Конституциявий суднинг халқаро фаолиятидаги энг асосий йўналишлардан бири конституциявий одил судлов масалаларига ихтисослашган халқаро ташкилотларда ва унга боғлиқ жараёнларда Ўзбекистон Республикасининг вакиллигини таъминлаш, дўстона мамлакатлар ва ҳамкор давлатларнинг конституциявий судлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан энг юксак демократик тамойиллар асосида изчиллик билан юритилаётган ички ва ташқи сиёсат дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу борада давлат органларининг тегишли халқаро тузилмалар, соҳавий ташкилотлар билан ҳамкорлик учун эшиклари кенг очилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Бинобарин, Конституциявий суд ҳам ўзининг халқаро муносабатлари фаолияти доирасида конституциявий одил судлов соҳасидаги долзарб масалалар бўйича ўзаро фикр алмашиш ва илғор тажрибаларни ўрганишга йўналтирилган конференция ва семинарлар ўтказишга, бу орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, конституциявий одил судлов самарадорлигини оширишга доимий эътибор қаратмоқда. Айни пайтда, Конституциявий суднинг вакиллари конституциявий қонунчилик мавзусига бағишланган кўплаб маҳаллий ва халқаро тематик семинар ва конференцияларда фаол қатнашмоқда.
Бугунги кунда Конституциявий судлар дунёнинг етмишдан зиёд давлатида фаолият юритиб келмоқда. Ушбу замонавий ҳуқуқий институт Европа, Лотин Америкаси ва МДҲда кенг тарқалган. Уларнинг кўплаб тузилмалар орқали ўзаро ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суд ҳозирги даврда Конституциявий одил судлов бўйича Бутунжаҳон конференцияси (WCCJ), Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси (AACC), Европа Кенгаши “Венеция комиссияси”, Евросиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг конституциявий юрисдикциялари (CCJ-I) каби бир қатор халқаро ва минтақавий ихтисослашган ташкилотларнинг ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари конституциявий судлари билан бевосита алоқалар йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди конституциявий юрисдикция соҳасидаги Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференцияси, Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси, Евросиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси каби учта халқаро ташкилотнинг аъзоси. Эндиликда улар сони яна биттага кўпайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Туркий дунё констуциявий юрисдикциялари конференцияси (TURK-AY) нинг таъсисчиларидан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ушбу халқаро конференция (TURK-AY) га аъзо бўлиши Конференция аъзолари ўртасида конституциявий одил судловни амалга оширишга оид ўз иш услублари ва конституциявий назоратнинг суд амалиёти тўғрисида ўзаро ахборот алмашиш, шунингдек, давлат ҳуқуқи ва конституциявий одил судлов соҳасидаги институционал, таркибий ва бошқа масалалар бўйича фикр алмашишни таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, конституциявий-ҳуқуқий тадқиқотлар, шунингдек, конституциявий суд ҳокимияти билан боғлиқ тадқиқотлар бўйича даврий нашрлар чиқариш, конституциявий суд-ҳуқуқ соҳасида муаллифлик ёки таржима нашрларни рағбатлантириш, зарур деб топилган конституциявий масалалар бўйича миллий, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратади. Конференция Туркий давлатлар Европа конституциявий судлари ва унга тенглаштирилган органлар ўртасида барқарор алоқаларни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Бу борада зарур деб топилган конституциявий масалалар бўйича миллий, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Халқаро анжуман ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раиси М.Абдусаломов айтиб ўтганидек: “Туркий давлатлар конституциявий судлари конференциясининг ташкил этилиши мамлакатларимиз учун улкан аҳамиятга эга. Зеро, Конференция келгусида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолат тамойилларини рўёбга чиқариш, қонунчиликни демократлаштириш, Конституциявий судлар нуфузини янада оширишга кўмаклашиш соҳасида судлар ўртасидаги дўстона ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига замин яратади. Биз учун, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни халқаро андозаларга мослаштиришда яна бир муҳим восита бўлиб хизмат қилади”.
Шу ўринда айтиш керакки, 2021 йил 27 апрелда конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини, шунингдек Конституциявий суднинг мустақиллигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни эркинлаштириш ғояларига мувофиқ келади ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Республикамизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини демократлаштириш, шунингдек, Конституциявий суд ва судьяларининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Зеро, Инсонга эътибор, аввало, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини таъминлашдан бошланади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг алоҳида ўрни бор.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ, АКМАЛ РАХМАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари