Журналистика муаммоларига бағишланган Москва халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда таниқли сиёсатчилар, давлат арбоблари қатнашди. Хусусан, иштирокчилардан бири Россия Президенти Владимир Путиннинг собиқ маслаҳатчиси, ҳозирда Россия медиаиндустрия Академияси раҳбари, сиёсатшунос, профессор Евгений Дугиннинг фикрлари билан қизиқдик.
– Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг қайси жиҳати сизда алоҳида таассурот қолдирди?
– Биринчидан, Ўзбекистонда тадбиркорларга эркинлик берилиши натижасида сўнгги беш йил мобайнида иқтисодий юксалиш рўй берди. Иккинчидан, ҳокимиятга ишонч ҳар қандай муаммони ҳал қилувчи омилдир. Мамлакатингизда тадбиркор ҳам, бошқа соҳа вакиллари ҳам давлатга ишонади. Менга Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари тизими йўлга қўйилгани маълум. Халқ қабулхонаси – халқ демократиясининг маъно ва моҳияти дегани. Инсон, у узоқ қишлоқда яшайдими ёки шаҳардами, унинг халқ қабулхонасига келиб билдирган фикри инобатга олинади. Бу мулоқот демократиясининг шаклидир. Унга кўра одамлар, яъни халқ ўз муаммо ва мулоҳазасини билдиради, йиғилган таклиф ва истаклар умумлаштирилади, таҳлил қилинади. Кейин эса у халқ турмуш тарзи, мамлакат раҳбарияти учун қонунга айланади. Яъни Президент халқ билдирган таклиф ва талаб асосида қонун қабул қилинишини таъминлайди. Тегишли фармонлар чиқаради. Энг эътиборли ҳолат, бу – қонун ва фармонлар халқ истаги сифатида қабул қилинади. Бундан шундай хулоса чиқадики, одамлар энди ўзлари истаган қонунлар асосида яшайди. Президент эса халқ идорасини янада кучайтириб, буни ўз фармонларида акс эттиради.
Мен Россия Федерацияси Федерал мажлисининг Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ҳузуридаги экспертлар кенгаши аъзосиман. Кенгаш қонунлар ҳаётга қанчалар татбиқ этилаётганини ўрганади. Аммо бу қонунлар халқдан келиб чиққан, дея олмайман. Ўзбекистондаги ҳолатда эса тўғридан-тўғри халқ демократияси шакли яратилган. Мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ҳақиқатдан ҳам халқ демократиясини қарор топтира олгани билан қутлайман. Бу ҳар қандай давлат раҳбари учун юксак шараф.
Муҳаммаджон ОБИДОВ