Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) вакиллари “Тошкент сув таъминоти” МЧЖга ташриф буюрди. Дастлаб, жамият раҳбарияти ва хорижий меҳмонлар ўртасида учрашув ўтказилиб, унда ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Агентлик вакиллари Юқоричирчиқ туманида сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишиш мақсадида “Алисаид” сув иншоотига ташриф буюрди.
Умумий қиймати 76,9 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа 2023-2028 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, “Алисаид” участкасида (Юқоричирчиқ ва Паркент туманлари аҳоли пунктлари эҳтиёжидан келиб чиқиб) кунлик ер ости сув олиш қувватини 31 минг метр кубгача ошириш, 4 та сув тарқатиш ва 82 километр ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш, 2 та сув тарқатиш тармоқларини ҳамда 1 та ишлаб чиқариш ва эксплуатация базасини қуриш, 259,5 километр ичимлик сув тармоқларини тортиш, 216,3 километр сув тармоқларини хонадонларгача тортиш ҳамда Паркент тумани ичимлик сув таъминоти тизимларини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, франциялик ҳамкорлар Осиё Тараққиёт банки иштирокида барпо этилган “Қодирия” сув тозалаш иншоотининг фаолияти билан ҳам таништирилди.
Маълумот учун давлатимиз раҳбарининг ўтган йил ноябрь ойида Францияга ташрифи доирасида Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ва “Ўзсувтаъминот” АЖ ўртасида мамлакатимиз ҳудудларида ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Меморандумга кўра, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида 1 та сув иншооти ва 229,2 километр ичимлик сув қувурларини қуриш кўзда тутилган.
Н.Бозорова, ЎзА