Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ишига аралашганлик, ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Аммо тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварағидаги маблағини қонунга хилоф равишда ўтказиш, олиб қўйиш ёки ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Хусусан, 2021-2022 йиллар давомида Бизнес-омбудсманга тадбиркорлардан шундай мазмунда жами 840 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 557 таси ижобий ҳал этилган.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Адҳам Шодмонов қуйидагиларни сўзлаб берди:
— «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.
Барчамизга маълумки, кейинги йилларда тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай, тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан уларнинг розилигисиз пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик каби ҳолатлар мавжуд. Жиноят кодексида бу каби ҳолатларни жиноий қилмиш сифатида баҳолаш назарда тутилмоқда.
Мазкур кодекснинг айнан тадбиркорлик фаолиятига аралашмаслик, уларнинг ҳуқуқларини, хусусий мулкини ҳимоя қилишни назарда тутувчи 13-бобига янги 192-12-модда киритилмоқда. 3 қисмдан иборат бу моддада жазо чоралари назарда тутиляпти. Мансабдор шахслар ёхуд бошқа шахслар томонидан ана шундай жиноят содир этилса, биринчи қисмга кўра, 180 миллион сўмгача миқдорда жарима ёки қайсидир муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Иккинчи қисмда эса 5 йилгача, учинчи қисмда 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 345-моддасига бу ишларнинг судловга тегишлилигига оид, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Хўш, бу тадбиркорларга нима беради? Алоҳида таъкидлаш жоизки, шу пайтгача ҳам тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига аралашмаслик бўйича Жиноят кодексида профилактик чоралар бор эди. Лекин тадбиркорлик субъектларининг маблағларини бесўроқ олганлик учун чора йўқ эди. Эндиликда тадбиркорлар банкдаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз олиб қўйиш ёхуд ортиқча тўланган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик каби ҳолатларда судга даъво аризаси билан чиқиши ёки прокуратура органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Муҳтарама Комилова, Ёқуб Мелибоев (аудио), ЎзА