Озарбайжон Миллий Фанлар академиясида “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзусида анъанавий университетлараро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Буюк шоир, мутафаккир Алишер Навоий ижоди тарғиботига бағишлаб саккиз йилдан буён Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида мунтазам ўтказиб келинган ушбу анжуман илк бор қардош Озарбайжонда ташкил қилинди.

Мезбон навоийшунослардан ташқари АҚШ, Туркия, Венгрия, Тожикистон сингари кўплаб давлатлардан 100 га яқин олим, жамоат арбоби, зиёли иштирок этган тадбирда Навоий адабий меросининг жаҳон маданиятида тутган ўрни ва беқиёс аҳамияти, шоир асарларининг хорижий тиларга таржима қилиниши, матншунослик масаласи, буюк бобомиз ижоди таълим тизимида ўқитилиши муаммоси каби қатор долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.

Учрашувнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, бу йил Алишер Навоий номли медаль таъсис этилди.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети масъуллари томонидан ушбу мукофот ўзбек тили, адабиёти, маданиятини юртимизда ва чет элларда тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшган озарбайжонлик замонавий олимлар, айни йўналишда илмий иш олиб бораётган мутахассисларга топширилди.

Конференциянинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини янада ошириш мақсадида бундан буён ҳар йили “Алишер Навоий ва XXI аср” илмий-амалий анжуманини дунёдаги нуфузли илмий муассасаларда ўтказишга қарор қилинди.

Дарвоқе, мазкур конференция материаллари “Scopus” илмий базасида қайд этиб борилади.


Ғ.Хонназаров, ЎзА