Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида улуғ мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан чоп этилган «Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги» ўттиз жилдлик тўпламининг тақдимоти ҳамда «Назм ва наво» кечаси бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Туркияда содир бўлган зилзила туфайли ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олиниб, бир дақиқа сукут сақланди.
Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фондининг ижрочи директори, атоқли олим Олимжон Давлатов кейинги йилларда улуғ мутафаккир бобомиз ижодини ўрганиш сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилганини таъкидлади. Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрда қабул қилган «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори жаҳон эътироф этган мутафаккир ижодини тўлақонли ўрганишда янги истиқболларни очиб бергани билан аҳамиятли бўлди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди томонидан Навоий асарлари изоҳли луғатининг мобил иловасини яратиш, унинг меросини пухта ўрганиш ва тарғиб этиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид беназир шоир ижоди хусусида батафсил тўхталиб, унинг шеъриятига боғланган янги мухаммасини ўқиб берди.
Туркиядаги Халқаро Алишер Навоий илмий тадқиқот маркази раҳбари Абдураҳмон Гўзал хорижда ҳам улуғ зот ижоди, фаолиятига эътибор тобора ортаётганини қайд этиб, Навоий турк дунёсининг буюк сиймоси, унинг ижодини ўрганиш эса фахр эканини алоҳида қайд этди.
Ёш навоийшунос олим Умидулло Маҳмудов шоир ижодини ўрганиш бўйича Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида олиб борилаётган ишлар, чет мамлакатларга ўтказилаётган ижодий сафарлар ва уларнинг амалий натижалари, илмий тадқиқотлар хусусида батафсил сўзлади.
“Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” тўпламида ўзбекистонлик навоийшуносларнинг истиқлол даврида чоп этилган етмишдан зиёд монография ва рисолалари, қирққа яқин илмий мақолалари жамланган. Тўпламнинг биринчи жилдидан навоийшунослик илмининг намояндалари бўлмиш Азиз Қаюмов, Суйима Ғаниеванинг рисолалари ўрин олган.
Маълумки, истиқлол йилларида мутафаккир шоир асарлари қисқартиришларсиз чоп этилди. Унинг шахсияти, ижоди ва фаолияти ҳақида холис фикрлар билдира бошланди, соғлом илмий муҳит вужудга келди. Афсуски, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида иқтисодий етишмовчиликлар сабабли илм-фан ва ижод аҳли деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Олимларимиз ўз тадқиқотларини шахсий маблағлари ҳисобидан, жуда кам тиражда нашр этиб тарқатгани сабабли қўлга киритилган илмий ютуқлар оммалашмади. Масалан, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниеванинг “Навоий насри нафосати” китоби атиги 200 нусхада сифатсиз қоғозда чоп этилган бўлса, академик Азиз Қаюмовнинг 15 жилдлик “Асарлар” тўплами шахсий маблағлари ҳисобидан 150 нусхада чиқарилган.
Кейинги олти йилда илм-фан ва ижодга берилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликлар навоийшунослик фанининг янги сифат босқичига кўтарилишига сабаб бўлди. “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” 30 жилдлик тўплами бунинг дастлабки амалий натижаларидан биридир. Тўпламдан ёш навоийшуносларнинг тадқиқотлари ҳам ўрин олгани тадбирда алоҳида эътироф этилди.
Жамланма Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида яратилиб, “Tamаddun” нашриётида чоп этилган.
Мазкур тўпламнинг ўттизинчи жилдидан соҳаси навоийшунослик бўлмаса-да, Навоий ижоди ҳақида мулоҳазаларини баён этган шоир, ёзувчи, таржимон, журналист ва адабиётшуносларнинг мақолалари ўрин олган.
Тадбирда “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” тўпламининг илмий аҳамияти, навоийшунослик илмининг истиқболи ҳақида мулоҳазалар билдирилди.
Таниқли санъат усталари, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ўқитувчи ва талабалари иштирокида Алишер Навоий ғазаллари асосида ижро этилган мақом қўшиқлари янгради.
Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.
Назокат Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА