Мамлакатимизда бўлиб турган Словения Республикаси Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Таня Фаён раҳбарлигидаги делегация пойтахтимиздаги “Texnopark” МЧЖга борди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг юқори технологияли, рақобатбардош, экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқариш тизимини ташкил этишга йўналтирилган ташаббусларини ҳаётга жорий этиш мақсадида 2019 йил 10 июнда ишга туширилган “Texnopark” МЧЖда 17 та йирик лойиҳа мужассам. Айни пайт 13 хил ихтисослашган ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилган мазкур ҳудудда электрон газ ҳисоблаш ускунаси, маиший музлаткич, саноат кондиционери ва совутиш тизими, лифт ва эскалатор, сув насоси, эшик, ром учун фурнитура ва аксессуар, панелли радиатор, саноат музлаткичи ва совуткичи, кир ювиш машинаси, сендвич панел ва мис қувур каби кўплаб турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборли жиҳати, мажмуада “Pietro Fiorentini” (Италия), “Samsung Electronics” (Жанубий Корея), “Whirlpool” (Хитой), “Shanghai Mitsubishi” (Хитой) компаниялари, шунингдек Япониянинг бир қатор дунёга машҳур брендлари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Замонавий ишлаб чиқариш майдонида бўяш цехи, пўлатдан ясалган ва полимер маҳсулотлар тайёрлаш бўлимлари ҳам фаолият кўрсатмоқда.
2022 йилда саноат сув иситиш ускунаси, базальт тошдан тайёрланаётган иссиқлик ушловчи материаллар, HPL-панел ишлаб чиқариш, автоматлаштирилган логистик марказ ташкил этиш бўйича янги лойиҳалар ҳам ишга туширилди. Натижада қўшимча 2000 киши иш билан таъминланди. Айни пайт “Texnopark” МЧЖда 5 мингдан зиёд ходим меҳнат қилмоқда.
Таня Фаён раҳбарлигидаги делегацияси аъзолари учун мазкур заводда экскурсия уюштирилди. Меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёнига бевосита гувоҳ бўлдилар. Корхонада ишлатилаётган энг сўнгги технология, роботлашган ускуналар, замонавий ва сифатли маҳсулотлар, ходимлар учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири