Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов мамлакатимизга ташриф билан келган Словения Республикаси Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Таня Фаён билан учрашди.
Учрашувда турли шаклдаги бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги даврасини ўтказиш бўйича фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан томонлар Тошкентда Ўзбекистон-Словения бизнес-форуми муваффақиятли бошланганини олқишлаб, ишбилармон доиралар ўртасида яқин алоқани давом эттириш зарурлигини қайд этди.
Туризм, фармацевтика ва кимё соҳаларида шерикликни кенгайтириш бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Икки мамлакат қонун чиқарувчи ҳокимият палаталари ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг фундаментал асосини янги босқичда мустаҳкамлаш мақсадида давлатларимиз ўртасидаги муносабатнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кучайтиришдан манфаатдор экани билдирди.
Музокарада халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим жиҳатлари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА