Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни пойтахтимиздаги бир қатор муҳим лойиҳалар билан танишди, маҳалла аҳли билан суҳбатлашди. Шунингдек, масъуллар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Тошкент метрополитенидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Инсон учун ўз меҳнатлари самарасини кўриш, одамларга қувонч улашиш – катта бахт. Мамлакатимизда халқнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилишга қаратилган бундай хайрли ишлар жуда кўп.

Биргина транспорт соҳасини олганда, сўнгги йилларда улкан лойиҳалар амалга оширилди. 2020 йил августда Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Ўша йил декабрда Сергели йўналиши очилди. Бугунги кундаги йўловчилар оқимидан билиш мумкинки, бу лойиҳалар ўзини тўла оқлади.

Бу ишлар изчил давом эттирилиб, мазкур икки йўналишни боғловчи Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитен барпо этилмоқда. Қарийб 12 километрлик бу қисмда 7 та бекат бўлади. Айни кунларда унинг Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди. Нуронийлар ва фаоллар билан суҳбатда лойиҳанинг аҳамияти ҳақида сўз борди.

– Охирги йилларда бу борада ҳам тажриба тўпладик. Қўйлиқ йўналишида 7 та, Сергелида 5 бекатли ерусти метролари қурилди. Олдин Тошкент метрополитенидан 240 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда 600 мингдан ошди. Режамиз – 1 миллион йўловчи. Агар ўз вақтида буни бошламаганимизда, шаҳар транспортида коллапс бўлиши мумкин эди. Энди муқобил энергетикани ҳам ўрганмасак бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода юрди.

Қурувчилар даҳасидан Қипчоқ бекатигача бўлган қарийб 4 километрлик метро йўли ҳам яқин ойларда ишга туширилади. Шу тариқа, Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Бунинг эвазига шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ – Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 40 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камайиши мумкин.

Умуман, ушбу босқич қуриб битказилиши билан Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан зиёд, бекатлар сони 50 та бўлади. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 650 минггача етади. 245 та янги иш ўрни яратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги «Aysel Energy» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Маълумки, бу йилги қиш анча совуқ бўлгани электр энергияси тизимидаги муаммоларни яққол юзага чиқарди. Хусусан, айрим эски трансформаторлар юкланишни кўтара олмай, электр таъминотида узилишлар кузатилди.

Давлатимиз раҳбари соҳа мутасаддиларига электр тармоқларини янгилаш, зарур жиҳозлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берган эди. Бу ташриф ўша вазифалар ижроси, келгусида энергетик муаммоларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг бир қисми.

«Aysel Energy» йилига 10 минг дона йирик электр ускуналари ишлаб чиқариш қувватига эга. Туркия технологияси ўрнатилган корхонада маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етган. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш таннархи ва ўрнатиш харажати кам. Бу эскирган трансформаторларни нафақат пойтахтда, балки бутун республикада янгилаш имконини беради.

Мутасаддилар бу йил мамлакатимизда 3 минг 200 та трансформатор, 12 минг километр кабелларга зарурат борлиги ҳақида ахборот берди. Давлатимиз раҳбари импорт таҳлилидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий маҳсулотларга буюртмаларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Умуман, энергетика соҳасидаги бундай ишлар электр тармоқларининг барқарорлигини оширишда муҳим омил бўлади.

Давлатимиз раҳбари Сергели туманидаги Эзгулик маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.

Бу ерда 26 та кўп қаватли уй бор, 6 мингдан зиёд аҳоли яшайди.

Президентимиз маҳалла вакилларидан ҳол-аҳвол сўради. Нуронийлар ўтган совуқ кунларда халқимизнинг ва давлат идоралари хизматчиларининг бирлиги билан қийинчилик ортда қолдирилганини айтишди. Энергетика ва коммунал хизматлар 24 соат давомида ишлаган, тезкор чоралар кўриб борилган. Хусусан, маҳалладаги трансформатор ҳам янгиланган.

– Бу бизга сабоқ бўлиши керак. Энергетикада 3-4 карра кўпроқ захира яратишимиз зарур. Шунинг учун қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга эътибор беряпмиз. У – муқобил, ишончли ва экологик тоза, – деди давлатимиз раҳбари.

Маҳаллалардаги устувор вазифа аҳоли бандлиги ва ёшлар тарбияси экани таъкидланди. Шу боис ҳам бу йил юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинди. Ўқувчилар мактабда иккита хорижий тил ва битта касб ўрганиб чиқиши учун шароит яратилмоқда. Халқимиз бу ҳаракатни қўллаб-қувватламоқда.

Нуронийлар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуо қилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллаларни обод қилиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Унда шаҳар ва туманлар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Аввало, энергетика масалаларига эътибор қаратилди. Бу борадаги қўшимча манбалардан бири қайта тикланувчи энергия. Тошкент шаҳрида камида 2 минг мегаваттга яқин қувватли қуёш панелларини ўрнатиш мумкинлиги қайд этилди.

Хусусан, кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар ва бошқа биноларнинг том қисми, саноат зоналари, автотураргоҳ ва йирик сув иншоотлари ҳудудини қамраб олиш мумкин. Бу чоралар кўрилса, ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда кутилаётган 240 миллион киловатт соатлик қўшимча талабни 4 баравар ортиғи билан, яъни 1 миллиард 80 миллион киловатт соат ҳажмда таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Президентимиз электр ишлаб чиқаришда давлат монополиясидан кетиб, рақобатли муҳит жорий қилиш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, давлат панель ўрнатган тадбиркорлардан электрни кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади. Аҳоли ўз хонадонида панель ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловатти 1 минг сўмдан сотиб олинади.

Шу боис, саноат зоналари ва йирик корхоналарда 400 миллион киловатт соатлик қуёш панеллари ўрнатиш, Юқори Чирчиқ туманида 500 мегаваттли қуёш электр станциясини қуриш чоралари белгиланди. Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида ҳам қуёш панеллари ўрнатиш, саноат корхоналарида электр йўқотишларини камайтириш, магистрал иссиқлик тармоқлари ва 1 минг 817 та кўп қаватли уйнинг ички иситиш тизимини янгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Умуман, шаҳарда қайта тикланувчи энергия жорий қилиш учун 1 миллиард доллар йўналтирилади.

Йиғилишда 2023 йилда пойтахтда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ҳам  муҳокама қилинди.

Янги иш ўринларини яратиш бўйича улкан марраларга эришишда тадбиркорларга таяниш, уларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланди.

Жумладан, бу йили Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм кредит йўналтирилади, оилавий тадбиркорлик учун 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Шаҳар маҳаллаларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш учун 1,4 триллион сўм, шунингдек, “Ташаббусли бюджет” доирасида 573 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди.

Президент маҳаллаларни обод қилиш, йўллар ва сув иншоотларини таъмирлаш масалаларига ҳам тўхталди. Шунинг учун шаҳардаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига бюджетдан қўшимча 1 миллиард сўмдан, жами яна 584 миллиард сўм ажратишга қарор қилинди.

Йиғилишда жамоат транспорти соҳасига яна бир бор эътибор қаратилди. Йўловчиларга қулайликларни ошириш мақсадида 1 апрелга қадар қўшимча мингта автобус олиб келиниб, 25 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши, светофорларни йўловчи оқимига қараб бошқариш, автотураргоҳлар ва паркоматлар ташкил қилиниши айтилди.

Давлатимиз раҳбари қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилди. Шу боис, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинади.

2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда 100 гектар майдонда боғ ташкил қилиниб, “Тошкент яшил белбоғи” лойиҳаси бошланиши айтилди.

Пойтахтда чиқинди билан ишлаш ҳам қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. “Махсустранс” фаолиятини ислоҳ қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунида шаҳар раҳбарияти ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботи тингланди.

Шу ерда Тошкент шаҳрида хизматларни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш режалари тақдимоти ўтказилди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари