Мaълум қилинишича, ўтган йилда Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 27 миллиондан ошган. Уларнинг 25 миллиондан ортиғи мобил интернет фойдаланувчиларидир.
Шунингдек, аҳоли пунктларининг 95 фоизи мобил интернет билан қамраб олинган, хонадонларнинг 54 фоизи юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкониятига эга. Бундан кўриниб турибдики, интернетга бўлган талаб ошган.
Хўш, бугунги кунда Ўзбекистонда интернет тезлиги қандай? Бу тизимдан фойдаланувчиларга етарлича шароит яратилганми?
Интернет тезлигини ўлчаш ишлари билан шуғулланувчи Speedtest Global Index хабар беришича, Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича 7 поғона пастлаб, 2022 йилда дунёда 122-ўринни эгаллаган.
Шуни ҳам айтиш жоиз, мазкур рейтингда 141 мамлакатдаги интернет тезлиги солиштирилган. Бу мамлакатлар орасида Қатар энг тез мобил интернетга эга деб топилган. Ундан сўнг, БАА ва Норвегия давлатлари ўрин олган.
Алоқа сифатини яхшилаш, чекка қишлоқларга ҳам интернет етиб бориши учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Рақамли технологиялар вазирлигининг маълум қилишича, “Ўзбектелеком” AК ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида бугунги кунда юртимизнинг чекка қишлоқларида ҳам замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилмоқда.
Шунингдек, вазирлик ходимлари томонидан жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармалари ҳамда ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг ҳудудий бўлимлари томонидан соҳадаги корхона ва ташкилотлар билан биргаликда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасига оид бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, телекоммуникация тармоқлари симсиз технологиялардан фойдаланган ҳолда ташкил этилган тумандаги баъзи ижтимоий соҳа объектларига талабдан келиб чиқиб, оптик толали алоқа линияларига ўтказилиши таъминланди ҳамда янада юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Фуқароларнинг мурожаатлари таҳлили натижасида бир қатор қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонлари телекоммуникация тармоғига улаб берилган.
Тоғли ҳудудларда жойлашган телевизион узатгичларда профилактика-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, қишлоқлар аҳолисига кўрсатилаётган хизматнинг сифати оширилди.
Мобил алоқа қамрови даражаси ўрганилиб, телекоммуникация операторларининг база станцияларида оптимизация ва модернизация ишлари амалга оширилди. Туманнинг олис аҳоли пунктлари аҳолиси учун телекоммуникация хизматларга уланишда қулайлик яратиш мақсадида жойларда мобил алоқа операторларининг сайёр сотув офислари ташкил этилди.
Шу билан бирга, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида келгусида амалга оширилиши керак бўлган ишлар тегишли мутахассислар иштирокида муҳокама этилди. Ҳал этиш маълум бир муддат ва маблағ талаб этадиган муаммолар юзасидан тегишли йўл харитаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ масалалар ечимининг аниқ механизмлари ҳамда ишларни бажариш муддатлари ва масъуллар белгиланиб, чора-тадбирларнинг амалга оширилиши назоратга олинди.
Ш.Маматурова, ЎзА