Туркиянинг ўн вилоятида содир бўлган зилзила оқибатларини бартараф этиш учун давлат барча воситалар ва имкониятларини ишга солади. Бу ҳақда Президент Режеп Таййип Эрдоған зилзиладан зарар кўрган Қаҳрамонмараш шаҳрида маълум қилди.
“Анадолу” агентлигининг хабарига кўра, давлат раҳбари икки йирик зилзиладан зарар кўрган оилаларнинг ҳар бирига давлатдан 10 минг лирадан ёрдам берилишини айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, табиий офат зонаси аҳолиси, агар хоҳласа, Анталья, Аланья ва Мерсиндаги меҳмонхоналарга жойлашишлари мумкин.
Президент зилзиладан зарар кўрган ўн вилоят аҳолисини бир йил ичида янги уй-жой билан таъминлашни мақсад қилганини таъкидлади.
Эрдоған ватандошларни фалокатга қарши бирдамлик ва ҳамжиҳатликка чақирди.
Давлат етакчиси фуқаролар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари провокацияларга берилмасликлари ва фақат Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар департаменти томонидан тарқатилаётган табиий офат ҳудудидаги расмий маълумотлардан фойдаланишлари кераклигини уқтирди.
ЎзА