Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 31 миллиондан ошди. Уларнинг аксарияти “Телеграм”, “Одноклассники”, “Фacebook”(Мета), “Инстаграм”дан фойдаланмоқда.

Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича қонунлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Ёшларни ахборот технологиялари соҳасида замонавий билим ва касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган “Бир миллион дастурчи”, “Вики стипендия” , “ТечБика” каби лойиҳалар амалга оширилди.

Олий Мажлис Сенати томонидан Тошкент шаҳридаги Вестминстер университетида ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.

Ўзбекистон ёшлари учун иш юритиш, таълим, илм-фан соҳалари, касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишларида ўзбек тилидаги матнли, фото, аудиовизуал ва видео ресурслар ишлаб чиқилди, “Википедия” очиқ энциклопедияси ўзбек тилидаги сифатли маълумотлар ва мақолалар билан бойитилди.

Шу билан бирга, қатор ижтимоий тармоқлар ва миллий мессенжерлар фаолияти йўлга қўйилди. Ёшларни замонавий дастурчи этиб тайёрлаш мақсадида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган юзга яқин IТ-мактаблар ишга тушурилди.

Аммо тармоқлардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўзга ташланиб, ўсмир ёшлар орасида гиёҳвандлик, суицид, ахлоқ ва жамият қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар содир этиш ва бошқа салбий оқибатлар ортиб бормоқда.

Яна  бир ташвишли жиҳат – маънавий таҳдид солувчи ва ёшлар онгини эгаллашга қаратилган ахборот хуружлари кун сайин авж олмоқда. Ахборот хуружларининг ёлғон ахборот тарқатиш,  манипуляция қилиш, миллий-маънавий қадриятларни емириш, менталитетга мутлақо ёт бўлган қадриятларни тарғиб этиш, кибержиноят каби бузғунчилик ишлари кенг тарқалмоқда.

2022 йилда “Ўзкомназорат” инспекцияси томонидан Интернетдаги ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича 873 та “UZ” доменидаги веб-сайтлар мониторинг қилинган бўлиб, 4,3 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.

Мазкур ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти амалдаги қонунчилик талабларига зид материалларни расмий веб-сайтлар ёки ижтимоий тармоқларида жойлаштириш  ва тарқатиш шаклида содир этилган.

Давра суҳбатида ёшларнинг ахборот хуружларига тушиб қолмаслиги борасида зарур тавсиялар берилди. Бу борадаги фаолиятни янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ чоралар белгилашга келишиб олинди.


Н.Абдураимова, ЎзА